Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Хитой делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Палата раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов қабул қилди. Суҳбат давомида “Пекин халқаро ривожланиш гуруҳи бизнес маркази” раҳбари Ню Хайлун бошчилигида мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган 10 дан зиёд йирик компания вакиллари иштирок этди.
Бу корхоналар рақамли технология, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт-экспорти, санитария ва ободонлаштириш, қайта ишлаш, айланма иқтисодиёт, умумий овқатланиш, электрон тижорат, гўшт маҳсулотлари айирбошлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби муҳим йўналишларда фаолият юритади.

Ўзбекистон томонидан ҳозир бўлган “Click”, “Oson”, “Go`sht” ресторанлар тармоғи, “Tasty Point” МЧЖ сингари маҳаллий компаниялар вакиллари хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятини муҳокама қилдилар.
Хитой маркази масъуллари ўз лойиҳалари бўйича махсус тақдимот ўтказди. Ушбу компания шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, саноат кластери барпо этиш ва инвестиция жалб қилиш бўйича тайёр ечимлар ҳам таклиф қилди. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва бозор самарадорлигини оширишга қаратилган интеграциялашган онлайн платформа имконияти ҳам намойиш этилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, инвестиция, экспорт ва импорт салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Пекин халқаро ривожланиш гуруҳи бизнес маркази” ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
М. Пирматова, ЎзА