БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда Маълумки, мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, халқаро майдонда илғор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Натижада Ўзбекистон бу борада бутун дунёга намуна сифатида кўрсатилмоқда.
Сенатда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форумнинг ташкилий қўмитаси йиғилишида шу ҳақда гап борди.
Сенат раиси Танзила Норбоева жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда илк маротаба Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ташкил этилганини қайд этди. Ойлик 30 ноябрь куни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форумини ўтказиш билан якунланади.
Тадбирда юзга яқин хорижий парламент раҳбарлари ва вакиллари, халқаро парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари, халқаро ташкилот вакиллари, хорижий экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Йиғилишда форумга тайёргарлик ишларининг жорий ҳолати, тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар, форум кун тартиби, унинг мазмуни хорижий мамлакатлар делегациялари билан икки томонлама учрашувларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбирни юқори савияда ташкил этишга масъул вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш алгоритмлари белгилаб олинди.
Ташкилий қўмита, Барқарор ривожланиш мақсадларини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси аъзолари, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этган тадбирда форум якуни бўйича қабул қилинадиган Тошкент коммюникеси ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш тўғрисидаги”ги резолюцияси лойиҳасини пухта ва мукаммал ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Ушбу ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва хорижий экспертларнинг фикрини инобатга олиш вазифалари белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА