Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Ўзбекистон ва Германия туроператорлари учрашади
12:14 / 2023-05-06

Жорий йилнинг 10-17 май кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон ва Германия туризм соҳаси вакиллари учун халқаро “Destination Forum” бўлиб ўтади.

Тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишича, мамлакатимизга Германиядан  80 нафар туроператор ташриф буюради. Улар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан танишади, мамлакатимизнинг немис сайёҳлари учун жозибадорлигини баҳолайди, етакчи маҳаллий туроператорлар вакиллари билан учрашади.

Германиядан ташриф буюрган меҳмонлар учун Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳрида жойлашган диққатга сазовор жойлар, маданий меърос объектлари, туристик қишлоқлар, шунингдек, мамлакатимизнинг яқинда ташкил этилган туристик объектлари бўйлаб махсус инфотурлар ишлаб чиқилди.  

Инфотурлар якунларига кўра, 16 май куни Германия ва Ўзбекистоннинг туризм йўналишидаги тадбиркорлари иштирокида “Destination Forum” ва B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилади, Германиянинг йирик сайёҳлик агентликлари ва туроператорлари учун тақдимотлар ўтказилади.  

Германия туризм ассоциацияси (Deutscher Reiseverband e.V. - DRV) тадбир ташкилотчиларидан биридир. У Германиядаги туризм корхоналарини қамраб олади. Мамлакат туризм бозори умумий даромадининг қарийб 90 фоизи ушбу корхоналар ҳиссасига тўғри келади.  

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА