Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ўтказилди
14:49 / 2025-04-30

“ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи халқаро саноат кўргазмаси доирасида Ўзбекистон – Россия ва Россия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ўнинчи қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тузилма икки мамлакат бизнес доиралари ўртасида ўзаро манфаатли шериклик ўрнатиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, айни жараёнда юзага келадиган масалаларга ечим топиш мақсадида 2005 йил икки давлат Савдо-саноат палаталари ҳузурида ташкил этилган.

Йиғилишда кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилиб, қўшма сармоявий лойиҳалар сонини изчил ошириб бориш орқали узоқ муддатли савдо алоқалари йўлга қўйилаётгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этиш керак, Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бири. 2024 йил якунида товар айирбошлаш қиймати 11,6 миллиард доллардан ошган.
Мулоқот давомида кенгашнинг ўтган йилдаги фаолияти кўриб чиқилиб, келгуси вазифалар, ҳамкорлик истиқболи ҳамда икки мамлакат корхона ва ташкилотлари ўртасидаги тармоқлараро шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, электрон тижорат, ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, меҳнат тақсимотини мувофиқлаштириш ва тармоқлараро кооперацияни кучайтириш зарурлиги айтилди. IT-технологияларни жорий этиш ва рақамли интеграцияни кучайтириш умумий бизнес муҳити ва савдо тизими рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Иштирокчилар ҳудудлараро ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Минтақавий даражадаги шериклик бизнес ташаббусларини тезкор қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларини жойларда самарали амалга оширишга кўмаклашиши қайд этилди.

Тадбир якунида “РУКОН аудит-маслаҳат шериклиги тармоғи” ассосиацияси ва “Prima Audit” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА