Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон – Покистон бизнес конференцияси ва “International Achievement Awards and Business Opportunities Conference – 2025” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Равалпинди Савдо-саноат палатаси – RCCI ҳамкорлигида, Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес тузилмалари кўмагида ташкил этилди. Конференция савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва икки мамлакат бизнеслари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида ташкил этилди. Халқаро тадбирнинг биринчи кунида Тошкентда Ўзбекистон-Покистон бизнес форуми, В2В ва В2G музокаралари, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт салоҳияти бўйича тақдимотлар бўлиб ўтди. Дастурнинг асосий тадбири халқаро бизнес интеграциясини ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга катта ҳисса қўшган компания ва тадбиркорларни (International Achievement Awards) мукофотлаш маросими ҳисобланади.

Анжуманда етакчи компаниялар, саноат ассоциациялари, инвестиция ва логистика институтларининг 150 дан ортиқ вакилларидан иборат Покистон делегацияси иштирок этди. Улар орасида RCCI президенти Усман Шавкат, вице-президенти Фаҳад Барлас, RCCI раиси Шаҳраиз Ашраф Малик ва бошқа нуфузли тадбиркорлар бор. Тадбир якунида саноат, туризм, авиақатновлар, IТ, рақамли иқтисодиёт ва фонд бозори соҳаларида меморандумлар, ҳамкорлик шартномаларини имзолаш режалаштирилди. Бу янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва минтақавий бозорларда Ўзбекистон ва Покистон бизнесларининг иштирокини кенгайтириш имконини беради. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари натижасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ўзаро алоқалар учун амалий платформа яратилди, бу эса конференцияни иқтисодий муносабатлардаги энг муҳим тадбирлардан бирига айлантирди.
Б.Худойбердиев, ЎзА