Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда
19:30 / 2021-09-29

“Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар”

2021 йил 29 сентябрда пойтахтимизда Ўзбекистон иқтисодий форуми очилди. Мазкур форум Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижаларига ҳамда жаҳон иқтисодиётида юз бераётган ўзгаришга бағишланди. Шунингдек, анжуман кун тартибида белгиланган масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Форумнинг расмий очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.

Форум ишини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров очиб берди.

Таъкидлаш жоизки, форум ишида иштирок этиш учун Тошкентга Халқаро молия институтлар, хорижий ҳукуматлар, йирик банклар ва инвесторлар, консалтинг ва аудит фирмалардан иборат юздан ортиқ ташкилотларнинг уч юздан ортиқ юқори мартабали вакиллари келишган.

Форумда Жаҳон банки Вице-президенти Анна Бьерде, Осиё тараққиёт банки Вице-президенти Шиксин Чен, “Goldman Sachs Asset Management” кенгаши собиқ раиси Жэймс О’Нил, “Rothschild&Co” вице-президенти, кузатув кенгаш раиси – Эрик де Ротшильд иштирок этмоқда. Бундан ташқари МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Тожикистон Республикаси Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода, Россия Федерацияси Федерал солиқ хизмати раҳбари Даниил Егоров, Россия Федерацияси Иқтисодий тараққиёт вазири ўринбосари Дмитрий Вольвач, БАА Статистика ва рақобатбардошлик қўмитаси раиси Ҳанан Аҳли, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Сахиб Алекперов, Беларусь Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дмитрий Ярошевичлар ҳам мазкур тадбирда қатнашмоқда.

Мазкур иқтисодий анжуманга “Veolia”, “OTP Bank”, “Coca Cola Icecek”, “TBC Bank”, “Total Eren”, “Acwa Power”, “Masdar”, “EdF”, Совкомбанк, Экспобанк каби инвесторлар, “Rothschilds”, “Lazard”, “JP Morgan”, “Citi”, “SocGen”, “Raiffeisen Bank”, “Deutsche Bank”, “Mizuho”, “Natixis”, Газпромбанк, ВТБ каби халқаро молия майдонида катта нуфузга эга бўлган банклар, “McKinsey”, “BCG” каби Консалтинг ва аудит фирмалари катта қизиқиш билдирган.

1 минг 300 дан зиёд маҳаллий ва хорижий иқтисодчилар, ҳамкор давлатлар вакиллари, халқаро молия институтларининг мазкур форумга қизиқиш билдиргани юртимизда кенг миқёсда олиб борилаётган иқтисодий ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборида эканидан далолат беради.

Икки кун давом этадиган Халқаро Форум ялпи йиғилиш билан бошланиб, юқоридаги нуфузли меҳмонлар иштирокида иқтисодий ислоҳотларнинг сарҳисоби муҳокама қилинади. Мазкур Форумнинг икки кунлик дастуридан жами ўн тўртта секция жой олган бўлиб, унда давлат корхоналари ва банклар трансформацияси, хусусийлаштириш, капитал бозорини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари каби мавзулар қамраб олинган.

Шунингдек, нуфузли “Financial Times” нашри билан “Рақобатбардошликни ошириш учун иқтисодиётни эркинлаштириш” мавзусида панел муҳокамаси бўлиб ўтади ва “Financial Times” нашрининг онлайн платформалари орқали жонли эфирга узатилади.

Мазкур тадбирни “Financial Times” нашрининг “fDi Intelligence” муҳаррири Якопо Деттони олиб бориб, унда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан бирга ЕТТБнинг собиқ президенти Сума Чакрабарти, Халқаро молия корпорацияси Вице-президенти Ҳела Шейхруху, Аделаида университети профессори Ричард Помфрет ҳамда Узавтомоторс бош директори Бо Андерсен иштирок этади.

Таъкидлаш жоизки, қайсидир маънода Ўзбекистон халқаро ташкилотлар, компаниялар ва бошқа хорижий ҳамкорлар учун ислоҳотларни амалга ошириш, глобал ташаббус ва ғояларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш бўйича “чорраҳа”га айланди, десак муболаға бўлмайди.

Жаҳон банки Вице Президенти Анна Бьерде, Осиё Тараққиёт банки Вице президенти, Ротшильд компанияси Вице президенти ва бошқа кўплаб халқаро молия институтлари, инвестиция банклари, халқаро консалтинг компаниялари ва ҳамкор давлатларнинг юқори мартабали вакиллари иштироки бунинг яққол исботидир.

Форум иши давомида иқтисодий ислоҳотлар натижалари бўлган элликдан ортиқ муҳим шартномалар ва келишув ҳужжатлари имзоланиши кўзда тутилган. Шунингдек, икки кунлик муҳокамалар натижасида халқаро ва миллий экспертларнинг келгуси иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикрлари умумлаштирилади.

Форумда дунёнинг етакчи экспертлари ва таҳлилчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар янги ғоялар учун муҳим замин бўлаётганини алоҳида таъкидладилар. Улар “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” дунё бўйича очиқланиб боравериши ва давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самарали кечишига кенг имкониятлар яратишига ишонч билдиришди. Бир сўз билан айтганда мамлакатда илк бор ўтказилаётган Ўзбекистон Иқтисодий форуми Янги Ўзбекистон тараққиётида янги давр бошланганидан далолат беради.

 

Саидмурод Раҳимов, ЎзА