Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Ўзбекистон – Грузия ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши бўлиб ўтди
19:02 / 2023-04-03

Тошкентда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда Грузия Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Вазирлик ва идоралар, икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирок этган учрашувда инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этишларича, ҳукуматлараро мулоқот доирасида товар айирбошлаш миқдори ўсишининг ижобий тенденцияси қайд этилган. Охирги олти йил ичида икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси қарийб икки баробар ошган. Томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш миқдорини беш юз миллион долларга етказишга келишиб олди. Икки ҳафта муддатда ўзаро савдо миссияларини, шунингдек, давлат саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиш чора-тадбирларини қамраб олган 2023-2024 йилларга мўлжалланган режа ишлаб чиқиш, тасдиқлаш таклиф этилди.

Грузия ва Ўзбекистон ҳудудларини қўшма лойиҳа, ташаббусларга жалб этиб, ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида биринчи босқичда Самарқанд ва Батуми, шунингдек, Бухоро ва Мцхета ўртасида икки томонлама шериклик алоқасини ўрнатишга қарор қилинди.

Йиғилиш чоғида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Боку – Тбилиси – Карс транспорт йўлаги ва Грузиянинг ривожланган Қора денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, йиғилиш баённомаси, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Грузия ҳукумати ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим, шунингдек, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши доирасида Грузия ва Ўзбекистон ўртасида товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокарани якунлаш тўғрисидаги Баённома имзоланди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА