Экспорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий экспортчилар маҳсулотини жаҳон бозорига олиб чиқиш мақсадида Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Тошкентда “Ўзбекистон – Афғонистон” бизнес форуми ташкил этилди.
Тадбирда тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек 200 га яқин икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Афғонистон дўстона муносабатни ривожлантиришга интилмоқда. Хусусан, савдо, иқтисодиёт, транспорт, энергетика соҳаларида янги лойиҳалар амалга ошириш бўйича кўплаб ташаббуслар илгари суриляпти.
– Мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилган, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Умидбек Сафаров. – Мавжуд имкониятдан афғон тадбиркорлари ҳам самарали фойдаланмоқда. Айни пайт юртимизда мингдан зиёд афғонистонлик тадбиркор фаолият олиб боряпти. Мамнуният билан айтаманки, Ўзбекистонда Афғонистон сармояси иштирокидаги корхоналар сони муттасил ошмоқда. Бугунги кунда 835 та шундай корхонанинг 603 таси тўлиқ афғон капитали асосида иш олиб боради.
Сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш масаласи тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.
– Сўзим аввалида Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан мунтазам кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами учун афғон халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман, – дейди Афғонистон Савдо-инвестиция палатаси раиси ўринбосари Ал-Ҳожи Хайриддин. – Ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи муҳокама этилаётган ушбу форум икки мамлакат тадбиркорларини ўзаро жалб қилиш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини яратади, деган умиддаман. Саноат кооперациясини ривожлантиришга эътибор қаратган ҳолда, сармоявий шерикликни кучайтиришга қаратилган фаолиятни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Бу жараёнда енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал, дори-дармон ва озиқ-овқат саноати энг истиқболли йўналишлар ҳисобланади.
[gallery-17106]
Форум доирасида меҳмонларга Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилаётган имконият ва қулайлик, мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар, солиқ ва божхона имтиёзи ҳақида маълумот берилди.
Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар ривожланиб бораётгани, турли йўналишлардаги ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва дўстлик мустаҳкамланаётгани қайд этилди.
Анжуман доирасида икки давлат тадбиркорлари B2B форматидаги учрашувларда иштирок этди.
2023 йил Афғонистон билан савдо миқдори 866,9 миллион долларни ташкил этган. Экспорт 856,6 миллион доллардан, импорт эса 10,3 миллион доллардан ошган. Афғонистон мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари ўнлигига киради.
Форум арафасида Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчилари кўргазмаси ташкил этилиб, ССП раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этилди. 120 дан ортиқ турли соҳаларда фаолият юритаётган товар ишлаб чиқарувчилар, шунингдек ҳунармандлар маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Қўшни Афғонистон улкан истеъмол бозорига эга. Маълумки, икки қўшни давлат бозори бир-бири учун истиқболли ҳисобланади. Шу боис ўзаро иқтисодий, савдо алоқалари кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Афғонистон аҳолиси 34,9 миллион кишини ташкил этади. Ўзбекистон маҳсулотлари ушбу қўшни мамлакат учун бошқа мамлакатлардан импортга нисбатан анча арзон. Шундай устунлик нуқтаи назаридан, кўргазма тадбиркорларимиз учун бу бозорни эгаллаш, истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.
Юртимизнинг энг фаол тадбиркорлари ва талабгор давлатлар ишбилармонларини бир иқтисодий майдонда жамлаган мазкур тадбирлар республикамиз экспорт салоҳиятини бир неча баробар ошириши кутилмоқда.
Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА