French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Озарбайжон мустақиллигининг 107 йиллиги нишонланди
12:28 / 2025-05-30

Пойтахтимиздаги “Radisson Blu” меҳмонхонасида Озарбайжон мустақиллиги эълон қилинганининг 107 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси  Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, хорижий давлатларнинг мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик вакиллари, халқаро ташкилотлар расмийлари, ҳарбий атташелар, давлат идоралари, жамоат ва маданият муассасалари раҳбарлари, олимлар,  санъат арбоблари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва Озарбайжон диаспораси вакиллари иштирок этди. 

Тантанали маросим аввалида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг давлат мадҳиялари янгради. 

Тадбирни Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев кириш сўзи билан очиб, 1918 йил 28 май куни Шарқда илк демократик республика — Озарбайжон Демократик  Республикаси  ташкил этилганини таъкидлади. Ушбу давлат бор-йўғи 23 ой яшаганига қарамасдан, қисқа вақт ичида давлатчилик асослари  яратилди, шу жумладан, давлат байроғи ва фуқаролик таъсис этилиб, миллий армия шакллантирилди, Боку босқинчилардан озод қилинди.

Элчи қайд этганидек, 1920 йилда мамлакатда совет ҳокимияти ўрнатилди, 1991 йилда эса Озарбайжон ўз мустақиллигини тиклади. 1993 йилда  Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев ҳокимиятга келгандан сўнг вазиятни барқарорлаштириш, иқтисодиётни тиклаш ва  мамлакатнинг халқаро майдондаги  нуфузини мустаҳкамлашга эришилди. 

Дипломат ўз нутқида Қорабоғ можаросига ҳам алоҳида тўхталиб, ўша даврда мамлакат ҳудудининг 20 фоизи босиб олинганини қайд этди. Бироқ 2020 йилда 44 кун давом этган Ватан уруши ҳамда 2023 йилдаги аксилтеррор операциялар давомида Озарбайжон  Қуролли кучлари Олий бош қўмондони Илҳом Алиев қўмондонлиги остида давлатнинг ҳудудий яхлитлиги тикланди.

Тадбирда Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳусейн Гулиев икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юксак даражага кўтарилганини эътироф этиб, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартнома имзолангани,  Олий давлатлараро кенгаш ташкил этилгани, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра,  икки мамлакат етакчилари — Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев бошчилигида барқарор ривожланиш ва халқларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гулянақ Маммадова ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирнинг маданий қисмига ўзгача шукуҳ бағишлади. 

Тадбир якунида банкет ташкил этилиб, меҳмонлар учун Озарбайжон миллий таомлари тортилди. Йиғилганларга ушбу мамлакатнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари, маданий мероси, туристик салоҳияти ва тарихий ёдгорликлари ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. 

Меҳмонлар тадбир қардошлик, ўзаро ҳурмат ва якдиллик руҳида ўтганини, бундай шодиёналар халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилиб, икки томонлама муносабатлар юксак даражада эканлигини кўрсатишини таъкидлади. Дипломатик корпус вакиллари  Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар икки халқ  фаровонлиги йўлида  жадал ривожланиб боришига ишонч билдирди. 

                  Азиза Алимова, Дониёр Ёқубов, ЎзА