Озар куй-қўшиқлари қадимийлиги, жўшқин ва бетакрорлиги, ўзига хос жозибаси билан дунё халқлари меҳрини қозонган, десак янглишмаймиз. 18 сентябрь – Озарбайжон миллий мусиқаси куни сифатида халқаро миқёсда нишонланиши анъанага айланган. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев номли маданият марказида тадбир ташкил этилди. Дастлаб мажмуага йиғилган санъат мухлислари, кенг жамоатчилик, ижодкор зиёлилар, ёшлар миллий чолғу асбоблари билан таништирувчи “Бизнинг миллий мусиқа” номли кўргазмани томоша қилишди.
Марказ директори ўринбосари Нодир Алимирзаев, “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов ва бошқалар мазкур муҳим сана таниқли бастакор ва мусиқачи Узайр Ҳожибековнинг номи ва таваллуд куни билан чамбарчас боғлиқлиги, қардош мамлакат умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев ташаббуси билан 1995 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётганини таъкидладилар.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон маданий-маърифий алоқалари кўлами тобора кенгайиб, янгича мазмун билан бойимоқда. Президент Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлгани ҳамкорлигимиз тарихида янги саҳифа очди. Икки мамлакат раҳбарлари фармони асосида икки давлат етук санъаткорлари юксак мукофотлар билан тақдирланди.
[gallery-19330]
Айтиш жоиз, шу йил июнь ойида юртимизда бўлиб ўтган Озарбайжон маданияти кунлари икки қардош халқ учун чин маънода дўстлик, қардошлик, санъат ва маърифат байрамига айланди. Ушбу мамлакат санъаткорлари юртимизда ўтказилаётган “Шарқ тароналари” фестивалида мунтазам қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Узайр Ҳожибеков асари асосида 1945 йил суратга олинган “Аршин мол-олон” бадиий фильми иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Меҳр-муҳаббат ва бошқа соф туйғуларни тараннум этувчи, беғубор ҳазил-мутойибага йўғрилган ушбу фильм 90 га яқин тилга ўгирилиб, жаҳон кино мухлислари қалбидан чуқур жой олган санъат асаридир.
Тадбирда қардош халқнинг жўшқин мусиқаси намуналари – куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА