Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда ноқонуний телефон савдосига чек қўйилди
16:54 / 2026-02-23

“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида пойтахтда йирик миқдордаги ноқонуний телефон савдосининг олди олинди.

Комплекснинг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Чилонзор туманида олиб борилган тезкор кузатувлар натижасида божхона расмийлаштирувидан ўтмаган, ноқонуний йўллар билан республика ҳудудига олиб кирилган 102 дона “iPhone” русумидаги қурилма “шартли харидор”га сотилаётган вақтида ушлаб қолинди. Ашёвий далилларнинг умумий қиймати 255 миллион сўмни ташкил этди.  

Шунга ўхшаш ҳолат Шайхонтоҳур тумани яқинидаги савдо мажмуаси атрофида ҳам қайд этилди. Бу ерда қиймати 207 миллион 900 минг сўм бўлган 77 дона телефон ноқонуний равишда сотилаётган пайтда тезкор ходимлар томонидан савдо занжирига барҳам берилди. Шу тариқа, икки ҳолатда жами 179 дона уяли алоқа воситасининг ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилди.  

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йил бошидан буён “Тошкент-АЭРО” ИБК ходимлари томонидан 35 та ҳолатда жами 1 миллиард 727 миллион сўмлик 377 дона уяли алоқа воситасининг ноқонуний айланмаси аниқланиб, бартараф этилган.

Бу каби тезкор тадбирлар ички бозорда ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва давлат бюджетига тушумларни оширишда муҳим аҳамият касб этади.  

Ш.Маматуропова, ЎзА