Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Тошкент шаҳар бўлими томонидан пойтахт ҳудудида металл маҳсулотларини импорт қилиш ва улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “M.E.T” МЧЖда (номи ўзгартирилган) давлат назорати тадбири ўтказилди.
Назорат жараёнида синов ва ташқи кўрик учун танлаб олинган металл арматура маҳсулотлари текширилиб, уларни импорт қилиш чоғида “Металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича” техник регламент талаблари ҳамда амалдаги стандартларга мувофиқ эмаслиги аниқланди.
Мутахассислар қайд этишича, ушбу камчиликлар металл маҳсулотнинг мўртлашиши, яъни синувчанликнинг ошиши, пайвандлаш ишларида муаммолар юзага келиши, чўзилиш қобилиятининг камайиши ҳамда иншоотларнинг зилзилага чидамлилиги пасайиши каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўрганишлар натижасида мазкур ҳолат билан Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилмагани маълум бўлди.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик юзасидан корхонанинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, корхонага молиявий жарима қўллаш бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Бундан ташқари, талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотларни реализация қилиш тақиқланиб, аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича корхонага тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА