Тошкент шаҳрида маркетинг соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири — IV Tashkent Marketing Forum 2026 ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли форум Рақобат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Маркетинг Ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумнинг очилиш маросимида Қўмита раиси ўринбосари У. Давлатов маркетинг замонавий иқтисодиёт шароитида бизнесни ривожлантириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, давлат органи сифатида Рақобат қўмитаси бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканини билдирди.

Тадбирда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган экспертлар, бизнес вакиллари ҳамда маркетинг мутахассислари иштирок этмоқда. Форум дастури маркетингнинг етти асосий йўналиши бўйича муҳокамалар, панел сессиялар ва амалий кейсларни ўз ичига олган. Жумладан, рақамли маркетинг, брендинг, PR ва SMM, шунингдек, AI ва IT соҳаларидаги замонавий ечимлар кенг муҳокама қилинаётир.

Таъкидланганидек, мазкур форум медиа ва маркетинг саводхонлигини ошириш, таҳлилий фикрлаш ва замонавий коммуникация кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, у реклама ва маркетинг соҳаси мутахассисларини ягона майдонга жамлаб, инновацион ғоялар ва самарали ҳамкорликлар учун мустаҳкам платформа вазифасини бажармоқда.

Ташкилотчиларнинг фикрича, ушбу форум мамлакатимиз бизнес муҳитида янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА