Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда корейс халқининг “Чхусок” байрами кенг нишонланди (+видео)
15:47 / 2025-10-06

Пойтахтимиздаги Корея маданияти ва санъати маркази биносида корейс миллатининг энг катта миллий байрамларидан бири - “Чхусок-2025” байрами кенг нишонланди. Корейслар “Чхусок”ни ҳосил байрами билан боғлаб, анъанавий таомлар тайёрлаб, оилавий ҳамжиҳатликда нишонлашади.

Тадбир доирасида тантанали очилиш маросими, концерт дастури, миллий таомлар сайли, ижодий маҳорат сабоқлари ҳамда турли кўргазмалар ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев нутқ сўзлади.  

—Бугунги кунда мамлакатимизда 172 мингдан ортиқ корейс миллати вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Ўзбекистонда яшаб келаётган турли миллатларнинг она тилини сақлаб қолиш ва уни тарғиб этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, корейс тили, маданияти, урф-одатлари ва тарихини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрида “Таълим маркази”, “Сежонг” мактаби, Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент давлат шарқшунослик институтида факультетлар фаолият кўрсатиб келмоқда,— деди Қ.Сариев.

Шунингдек, тантанали маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ёнлар ҳам сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қутлади. Ўзбекистонда турли миллат ва элатларга яратилган шароитларни эътироф этди.

Шундан сўнг байрам тадбири ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари, рақслар, иллюзион чиқишлар ҳамда турли бадиий композициялар жамланган концерт дастурига уланиб кетди. Кун давомида миллий ўйинлар, анъанавий либослар кўргазмаси, ўзбек ва корейс рассомларининг асарлари намойиши, шунингдек катталар ва болалар учун ижодий маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

[gallery-25618]

Тадбирнинг якуний қисмида “K-POP Dance” танлови ўтказилиб, ёш ижрочиларнинг саҳнадаги чиқишлари байрам кайфиятига кўтаринки руҳ бағишлади.

“Чхусок-2025” тадбири Ўзбекистон ва Корея халқлари ўртасидаги маданий ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9HKElzQkRE8" title="Toshkentda koreys xalqining “Chxusok” bayrami keng nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА