Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Халқаро авиация форуми бўлиб ўтади
20:27 / 2020-02-12

Бу ҳақда 12 февраль куни мазкур нуфузли форумга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.


Тошкентда 19-20 февраль кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Uzbekistan Airports” АЖ ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Fair Exhibition Organizers” компанияси ҳамкорлигида “Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum” (UAALF-2020) халқаро авиация форуми ўтказилади.

Бу ҳақда 12 февраль куни мазкур нуфузли форумга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

11111111.JPG

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, транспорт вазири Элёр Ғаниев, шунингдек, “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамда Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбарлари иштирок этди.

“AL ZAROUNI” компаниялар гуруҳининг бир қисми бўлган “Fair Exhibition Organizers” (FEO) 1999 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунга қадар 150 дан ортиқ халқаро кўргазма ташкил этишда ташаббускор бўлган мазкур тузилма дунё бўйлаб 15 дан ортиқ ваколатхонасига эга.

222222.JPG

Халқаро авиация форумида Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Кувайт, Миср, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатлардан транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлар бошқаруви вакиллари, етакчи хорижий авиакомпаниялар, аэропортлар, авиация ва транспорт соҳасидаги компаниялардан юқори лавозимли расмийлар иштирок этиши кутилмоқда.

Икки кунлик тадбирга “Boing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “TLD” (Ҳиндистон), “Luftansa Consulting” (Германия), “EGIS” (Франция), “ATR” (Испания), “Kuwait Airways” (Кувайт), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Gulf Air” (Баҳрайн), “Korean Air” ва “Asiana Airlines” (Жанубий Корея), “Azerbaijan Airlines” (Озарбойжон), “Aeroflot” ва “IrAero” (Россия), “Al Masriya” (Миср), “Zagros Airlines” (Эрон), “Pegasus Airlines” ва “Turkish Airlines” (Туркия), “Mitsubishi Corporation” (Япония), “Air Astana” (Қозоғистон) каби 130 га яқин машҳур халқаро ташкилотлар жалб қилинган.

555555.JPG

- Ушбу тадбир экспонентлар ва меҳмонлар ҳамда қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун улкан платформа вазифасини ўтайди, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Анжуман доирасида кўплаб учрашувлар, конференциялар, кўргазмалар, қизиқарли тақдимотлар ўтказилади. Биринчи халқаро авиафорум дунёнинг етакчи авиакомпанияларини Ўзбекистонга жалб этиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Форум доирасида намойиш этиладиган кўргазмада аэропортлар, авиация ва логистика вакиллари томонидан маҳсулот ва хизматлар тақдим этилади. Бу Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда авиақатновларга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида мамлакатнинг логистик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 январь куни туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда самолёт ва поездларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласига тўхталиб ўтган эди. Йиғилишда айни пайт Ўзбекистоннинг 4 та аэропортида амал қилаётган “очиқ осмон” тартибидан кенг фойдаланиш, янги авиайўналишлар очиш, тезюрар поездларни кўпайтириш ва чипталар нархини тушириш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Транспорт вазирлигига тегишли топшириқлар берилганини инобатга олсак, Халқаро авиация форуми бугунги куннинг талаб ва мақсадларига тўла-тўкис жавоб беради.