Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда “Ипак йўли. Италия замонавий санъати ва рассомлари” кўргазмаси очилди
23:25 / 2021-12-15

15 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон тасвирий санъат Галереясида “Ипак йўли. Италия замонавий санъати ва рассомлари” номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Италия Ташқи ишлар ва ҳалкаро ҳамкорлик вазирлиги, Гаруццо тасвирий санъат институти ва Ўзбекистон тасвирий санъат Галереяси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур кўргазма 15 декабрдан 15 январга қадар давом этади. Унда италиялик рассомлар томонидан яратилган ўттиз саккизта юқори даражадаги санъат асарлари намойиш қилинмоқда.

Пойтахтимизда ташкил этилган ушбу кўргазма ҳаёт моҳиятини англашга бағишлангани, у яқин тарихдаги итальянча бадиий ғояларни ўзида ифодалаши алоҳида таъкидланди. Маълум бўлишича, асарларнинг саккизтаси Фарнезина коллекциясига тегишлидир. Қолаверса, асарлар Римдаги Ташқи ишлар вазирлигида ҳам намойиш этилган.  

Қайд этиш жоиз, асарларда рангтасвир, фото санъати, ҳайкалтарошлик мато, видео-арт каби жанрлардан фойдаланилган. Кўргазма куратори сифатида иштирок этган Гаруццо институти вакили Алессандро Каррер панорамада томошабинларга ўтмиш ҳамда келажакдаги санъатнинг мураккаб ва шу билан бирга хилма-хиллиги ҳақида тасаввур берадиган сўнгги тенденциялар тақдим этилганини таъкидлади.

[gallery-5104]

Кўргазма доирасида бўлиб ўтган конференцияда санъат асарлари Ипак йўлининг қадимий карвон йўлларини мукаммал тарзда такрорлаши, у Киев, Анқара, Тбилиси ва Тошкентдан ўтиб, Хитойнинг Пекин, Чунцин ҳамда Сиань шаҳарларига етиб бориши ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, бу йўналиш 2022 йилда Хитойда “Италия-Хитой маданияти ва туризми” йили доирасидаги байрамона тадбир билан якунланади.

– Ипак йўли 1960 йилларнинг охиридан то ҳозирги кунгача бўлган замонавий  итальян санъатининг ихчам панорамасини тақдим этади. Унинг манзил йўналишлари қадимдан цивилизация чорраҳаси бўлган Марказий Осиёдаги муҳим мамлакатларни ўз ичига олади – деди Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Агостино Пинна. – Кўргазманинг Тошкентда очилиши тарихий ҳодиса ҳисобланади. Боиси, Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги янги маданий алоқаларнинг яқин тарихида айнан шундай хилдаги кўргазма илк маротаба ташкил этилмоқда.

Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар муттасил ривожланиб бормоқда, бу ўзаро маданий алоқаларни кенгайтиришда мухим омил бўлиб хизмат қилади. Шу ўринда очилиш маросимида юқори даражадаги санъат кўргазмаси Марказий Осиё давлатлари ичида фақат Ўзбекистонда бўлиб ўтаётгани ҳам рамзий маънога эга экани қайд этилди.  

– Илгари Германия ва Буюк Британия каби мамлакатларнинг замонавий санъатини тақдим қилинган эди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, илк бор мамлакатимизда Италиянинг замонавий санъати намойиши ўтказилмоқда. Ўйлайманки, бир ой давом этадиган ушбу кўргазма Ўзбекистон ёшларини бефарқ қолдирмайди, – деди Ўзбекистон тасвирий санъат Галерияси директори Камола Акилова. 

– Конференция давомида кўргазмани онлайн ва офлайн форматда ўтказиш ва кураторларни жалб қилиш таклифи билдирилди, бу эса икки мамлакат ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга сабаб бўлади, албатта.

Кўргазманинг каталогида ҳар бир рассомнинг асарлари ҳақида итальян ва инглиз тилларида батафсил маълумот берилган. Бундан ташқари,  рус ҳамда ўзбек тилларида ҳам рисола тақдим этилди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА