Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда инсон аъзоларининг ноқонуний савдоси фош этилди
11:25 / 2026-02-18

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Навбатдаги тезкор тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида инсон аъзолари ва тўқималарининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Терговга қадар текширувлар давомида аниқланишича, 1989 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси иккинчи қисми билан судланган фуқаро турмуш ўртоғи билан жиноий тил бириктириб, интернет тармоқларида инсонларда раҳм-шафқат уйғотувчи видеоларни тарқатиш орқали ноқонуний фаолият юритиб келган.

Тезкор тадбирлар натижасида унинг ижтимоий тармоқлар орқали инсон аъзолари ва тўқималарини ноқонуний равишда сотиш билан мунтазам шуғуллангани, мижозларни операция учун Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридаги Истиқлол клиникасига олиб боргани маълум бўлди. Шунингдек, гумонланувчи ўзида ҳам буйрак кўчириш операциясини амалга оширгани ва бу жараёнда унга ёрдам берган шахслар аниқланган. Улар орасида Telegram, Instagram ва YouTube ижтимоий тармоқларида фаолият юритувчи каналлар маъмурлари ҳам бўлгани қайд этилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 133-прим 1-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳамроз Баянов, ЎзА