English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда илк бор “SHARE Uzbekistan 2025” халқаро архитектура ва шаҳарсозлик форуми ўтказилади
19:04 / 2025-09-19

“SHARE Architects” халқаро ташкилоти ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йил 22-23 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган ушбу форумда 15 мамлакатдан 30 дан зиёд етакчи меъморлар иштирок этади.

Унда дунёга машҳур халқаро студиялар вакиллари - Даниядан “Bjarke Ingels Group”, Буюк Британиядан “Zaha Hadid Architects”, Франциядан “XTU Architects”, Хитойдан “MAD Architects” ҳамда бошқа нуфузли меъморчилик бюролари қатнашади. 

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳозирда жадал шаҳарсозлик ўзгаришлари босқичида турибди. Замонавий ва барқарор ривожланишга қаратилган йирик лойиҳалар халқаро меъморлар, муҳандислик компаниялари ва пудратчилар эътиборини ўзига тортмоқда. Мазкур форум маҳаллий меъморлар ва мутахассислар учун илғор тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳамкорлар билан мулоқот қилиш ва янги ғояларни жорий этиш имконини яратади. 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий кўмагида ташкил этилаётган мазкур икки кунлик форум дастуридан маърузалар, мослашувчан меъморчилик ва фасад янгиликларига бағишланган сессиялар ўрин олган.

– Ўзбекистон  маданиятлар ва тарихлар чорраҳаси ҳисобланади. Шу сабабли, “SHARE Uzbekistan 2025” форумини ўтказиш биз учун улкан воқеадир. Дунёга машҳур меъморларнинг иштироки ва маҳаллий ўзига хослик билан уйғунлашуви янги лойиҳаларни вужудга келтиради. Ушбу нуфузли тадбир юртингизда ўтказилаётгани бизни янада қувонтирмоқда, – деди “SHARE Architects” халқароо ташкилоти асосчиси Флорин Миндирижиу. 

Форум якунида иштирокчилар учун Тошкентнинг меъморий ёдгорликлари бўйлаб экскурсия ташкил этилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА