Тошкентда илк бор давлат объектлари ярмаркаси
Ярмаркада шаҳардаги 130 дан ортиқ давлат объектлари тадбиркорлар эътиборига ҳавола этилди.
Ярмаркада шаҳардаги 130 дан ортиқ давлат объектлари тадбиркорлар эътиборига ҳавола этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 февралдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад Тошкент шаҳрида бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, уларга тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларни жалб қилиш, шунингдек, ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган имкониятлар билан тадбиркорлик субъектларини таништиришдир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Рустамовнинг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Давлат объектлари ярмаркаси ўтказилмоқда. Мазкур ярмарка Тошкент шаҳрида илк бор ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир. Бугун 200 дан ортиқ иштирокчига шаҳардаги бўш турган объектларнинг паспортлар кўринишида кўргазмасини намойиш қилдик. Улар танишиб, маъқул бўлган биноларни сотиб олиши мумкин. Президентимизнинг фармони билан 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар учун “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси фаолияти йўлга қўйилган. Тадбиркорлар айни шу электрон савдо майдончада яратилган қулайликлар сабаб ўзлари танлаган бинолардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
– Бугунги ярмарка мен учун тадбиркорлик режамни амалга ошириш йўлида дадил қадам бўлди, – деди тадбиркор Аббос Юнусхўжаев. – Сабаби, электрон савдо орқали 36 квадрат метрлик бинони беш йил муддатга ижарага олдик. Бу ерда дизайн студияси очмоқчимиз. Йиллик тўлов 9 миллион 600 сўмни ташкил этди. Ойига тақсимласак, 800 мингга тўғри келади. Бу эса бизнинг дастлаб режамизни амалга оширишга қулайдир.
Давлат объектлари ярмаркаси 28 декабрь куни ўз ишини якунлайди.