Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда икки йирик форум: ЕИ комиссарлари Ўзбекистонга келяпти
15:48 / 2025-11-25

Жорий йил 25–27 ноябрь кунлари Европа Иттифоқи комиссарлари Йозеф Сикела ва Марта Кос Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда тузилманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси хабар берди.

Ташриф доирасида комиссарлар 27 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Транс-Каспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумида иштирок этади. 

Қайд этиш керак, ушбу йўлак Европа Иттифоқининг Глобал дарвоза (Global Gateway) инвестиция стратегияси доирасидаги асосий ташаббус бўлиб, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия, Европа ва йўлак бўйлаб жойлашган бошқа давлатларда фаровонлик ҳамда барқарорликни мустахкамлашга хизмат қилади.

Таъкидланишича, ташриф давомида комиссар Й.Сикела 26 ноябрь куни ўтказиладиган учинчи Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё иқтисодий форумида қатнашиб, минтақалар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустахкамлаш йўлида муҳим масалаларни кўриб чиқади.

Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела ташриф олдидан шундай деди:

– Марказий Осиё ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик бугун ҳар қачонгидан ҳам мустахкам бўлди, десам муболаға бўлмайди. Биринчи бор бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммитида эълон қилинган 12 миллиард еврoлик “Глобал дарвоза” инвестиция пакети ва менинг жорий йилдаги ташрифимдан сўнг, натижага йўналтирилган амалий ишларга киришдик. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи томонидан қўшма равишда ташкил этилаётган бу икки анжуман давлат ва хусусий сектор инвесторларини бирлаштириб, аниқ натижаларга эришиш, иқтисодий ўсиш, янги иш ўрни яратиш, хизматларга кенгроқ кириш ва барқарорликни ошириш учун муҳим имконият яратади. Биз ҳамкорларимиз билан бир қатор шартномаларни имзолаш, иқтисодий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва Транс-Каспий транспорт йўлагини хавфсиз ва барқарор тарзда ривожлантиришни тезлаштиришни интиқлик билан кутяпмиз.

Ташкилотнинг кенгайтирилган масалалар бўйича комиссари Марта Кос эса қуйидаги фикрларни билдирди:

– Хитой, Марказий Осиё, Кавказ ва Қора денгизни Европага боғлайдиган темир йўл ва портлар орқали контейнер ташиш ҳажми 2030 йилга бориб уч бараварга, 2040 йилга келиб эса беш бараварга оширилиши мумкин. Бироқ ислоҳотсиз инвестициялар бўлмайди. Тошкентдаги форум ана шу йўналишдаги бир қадамдир.

Транс-Каспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик инвесторлар форуми Европа Иттифоқи, Қора денгиз бўйи ва Марказий Осиё давлатларини биринчи бор бир майдонга тўплаб, боғлиқлик кун тартибини илгари суришга хизмат қилади. Форум 2024 йил январда Брюсселда ўтказилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё транспорт ўзаро боғлиқлиги бўйича биринчи инвесторлар форумида эришилган натижаларни кўриб чиқади ва хусусий сектор билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ҳам ёрдам беради.

Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Европа Иттифоқи томонидан ташкил этиладиган анжуман дастурида транспорт ва логистика бўйича юқори даражадаги сессиялар ташкил этилади.

Айтиш жоиз, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё иқтисодий форуми икки минтақа ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган. Бу 2025 йил апрелда Самарқандда бўлиб ўтган биринчи Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммитининг мантиқий давоми сифатида кўрилади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА