Пойтахтимизда ўтказилаётган спорт тадбирлари доирасида нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида қатор муҳим учрашув ва тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) Ижроия қўмитасининг Бюро йиғилиши ҳамда Осиё паралимпия қўмитаси президенти билан расмий учрашув ташкил этилди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган “World Aquatics” Ижроия қўмитаси Бюро йиғилишида федерация президенти Ҳусайн ал-Мусаллам бошчилигидаги халқаро ташкилот раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари, “World Aquatics” Ижроия қўмитаси Бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди.
Тадбир якунида 2026 йил учун белгиланган режа ва мақсадлар, устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси раҳбарияти иштирок этди.
Томонлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни, жумладан Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Мажид Рашид Ўзбекистон делегациясини “Дубай–2025” ёшлар Параосиё ўйинларидаги муваффақиятли иштироки билан табриклаб, юртимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА