Пойтахтимизда давлатимиз раҳбарининг "Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида кенг кўламли ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманларда мутасадди раҳбарлар, туман Экология бўлими ходимлари, ёшлар етакчилари ҳамда туман Ободонлаштириш бошқармалари томонидан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида умумхалқ дарахт экиш акцияси ўтказилмоқда.

Акция давомида турли манзарали кўчатлар экилиб, ҳудуднинг яшил қиёфасини янада бойитишга хизмат қилувчи янги маскан барпо этилмоқда. Жумладан, қайрағоч, шумтол, заранг, каталпа, эман ва бошқа дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур дарахтлар карбонат ангидридни фаол ютади, чанг даражасини пасайтиради, ҳавони кислород билан тўйинтиради ва янада қулай микроиқлим шаклланишига кўмаклашади.

Шунингдек, яшил майдонларни сақлаб қолиш мақсадида муқобил энергияда ишлайдиган томчилатиб суғориш тизими жорий этилди, шунингдек, табиий сув ҳавзаси барпо этилди. Бу эса ресурслардан оқилона фойдаланиш ва тупроқ намлигини барқарор сақлаш имконини беради.
Яқин йиллар ичида ушбу яшил ҳудуд муҳим табиий фильтрга айланиб, ҳаво сифатини яхшилайди, шаҳар муҳитидаги иссиқлик юкини камайтиради ва пойтахт ҳудудида барқарор экотизимни яратади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА