Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг шу мақсадга қаратилган қарори мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Қарор ижросини самарали таъминлаш мақсадида тегишли ҳуқуқ-тартибот ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида қабул қилинган қўшма қарорларда пойтахт ҳудудида яшовчи алоҳида тоифадаги оилаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби кенг қамровли тадбирлар кўзда тутилган.

Шундай мақсадли тадбирлардан бири – Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан ўтказилаётган “Хавфсиз оила” тадбиридир.
Тадбирнинг биринчи босқичига жорий йил 1 майда старт берилган. Ушбу жараёнга 15 та низоли оила ҳамда уларнинг 25 нафар вояга етмаган фарзанди жалб қилиниб, улар билан кенг қамровли маънавий, руҳий машғулотлар олиб борилди.
Тадбирнинг иккинчи босқичида эса 14 та низоли оила ва уларнинг 20 нафар вояга етмаган фарзанди жалб қилинди. Ота-оналар ва фарзандлари билан чуқурлаштирилган психодиагностик ўрганишлар олиб борилиб, психологик портретлар шакллантирилди ҳамда индивидуал тарзда машғулотлар олиб борилди.
Шу билан бирга, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар икки босқич иштирокчиларининг шаҳар телеминораси, Ҳайвонот боғи, ИИББ Отлиқ отряди, Тошкент политехника музейи қошидаги роботлар кўргазмаси, Чилонзор туманида жойлашган “Magic city”, Олмазор туманидаги “Ғалаба” боғларига ташрифлари уюштирилди. Мазкур оилаларнинг яшаш шароитларини ўрганиш натижасида иккита оиланинг уйларини таъмирлаш ва ободонлаштириш чоралари кўрилди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда оиланинг ўрни ва таъсирини инобатга олиб, шаҳар бўйича “Хавфсиз оила” тадбирларини ўтказиш борасида ҳокимият ҳамкорлигида қабул қилинган қарорга асосан ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож деб топилган 1 минг 215 оила аниқланиб, бошқарма, ташкилот раҳбарлари, туманлар ҳокимликларига бириктирилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳар ва туман ички ишлар органларида “Хавфсиз оила” штаблари ташкил қилинган. Мутасадди ташкилотлар масъуллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўз вақтида аҳоли мурожаатлари, оилалар муаммолари билан ишлаш борасида тузилган телеграм гуруҳларига 365 нафар раҳбар ва ходим уланган.
Оилаларни жипслаштириш, тўғри ҳаётга йўллаш, фарзандлар бахтли келажагини яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА