Ўтган йил май ойида миллий спортимиз кураш Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) тизимидаги спорт турлари қаторидан жой олгани расман тасдиқланганди.
Ушбу қарордан сўнг ҳамда олиб борилган музокаралар натижасида жорий йилнинг 4-9 сентябрь кунлари CISM тақвим режасига мувофиқ Халқаро ҳарбий спорт кенгашига аъзо давлатлар иштирокида Тошкент шаҳрида илк бор “CISM Kurash Challenge Cup” мусобақаси ташкил этилиши белгиланди.
Куни кеча пойтахтимизда жойлашган Халқаро кураш ассоциацияси қароргоҳида мазкур мусобақани юқори савияда ўтказиш, хорижий делегацияларни қабул қилиш, спорт иншоотлари тайёргарлиги, ахборот сиёсатини самарали йўлга қўйиш каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари иштирокида ўтказилган муҳокамалар давомида пойтахтимизда кураш бўйича ҳарбийлар ўртасида илк бор ташкил этилаётган нуфузли турнирда 30 дан ортиқ давлат спортчилари иштирок этиши, беллашувлар 13 та вазн тоифасида ўтказилиши қайд этилди.
Йиғилишда мусобақа Низомини тайёрлаш, турнир рамзини ишлаб чиқиш, тарғибот-ташвиқот роликларини яратиш ҳамда халқаро медиа қамровини кенгайтириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, “CISM Kurash Challenge Cup” турнири кураш спортининг нафақат ҳарбий спорт ҳамжамияти ўртасида, балки халқаро майдонда кенг ёйилишига хизмат қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА