Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ваколатхонасини очиш режалаштирилмоқда
14:04 / 2024-10-11

Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим масалалардан бўлиб келган. Айниқса, экологик муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ҳозирги шароитда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади.

Брюгге шаҳрида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Европа, Шимолий ва Марказий Осиё минтақавий форуми бўлиб ўтди. Унда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари И.Қутбиддинов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Форум доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) бош директори Г.Агилар, Иттифоқнинг Европа минтақавий офиси директори Б.Эрг ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақавий офиси директори О.Аврамоски билан учрашди.   

Мулоқот жараёнида IUCN бош котиби сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан халқаро экологик майдонда олиб борилаётган фаол сиёсат, юқори даражада ташкил этилаётган глобал саммитлар ва йиғилишларни алоҳида эътироф этди. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенциясининг 14-томонлар конференциясида шахсан иштирок этиб, мамлакатнинг экологик ва туристик салоҳиятига юксак баҳо берганини таъкидлади.   

Ўз навбатида, IUCN’нинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёда фаолиятини янада жадаллаштириш, грант лойиҳалар самарадорлигини ошириш, лойиҳалар тўпламини кенгайтириш ҳамда Глобал экологик жамғармаси ва Яшил иқлим жамғармасининг қўшимча грант маблағларини жалб этиш, жараённи тезлаштириш мақсадида Тошкентда IUCN ваколатхонасини очиш масаласига эътибор қаратилди.   

Шунингдек, Г.Агилар хоним 2025 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилган Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги (CITES) конвенциясининг 20-томонлар конференциясига таклиф этилди.   

Шу билан бирга, қиймати 6,4 миллион АҚШ долларига тенг “Ўзбекистонда қимматбаҳо ландшафтларни муҳофаза қилиш ва тиклашни комплекс бошқариш” грант лойиҳаси ҳамда қиймати 11 миллион еврога тенг “Марказий Осиёда ландшафтларнинг зооноз касалликларининг пайдо бўлишига чидамлилигини ошириш” минтақавий лойиҳаси муҳокама қилинди.   

Учрашув якунида IUCN билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Англашув меморандуми ҳамда “Ўзбекистонда ердан фойдаланиш ва таназзулга учраган экотизимлар ва биохилмахилликни тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш учун қиймати 1,1 миллион АҚШ долларига тенг грант битими имзоланди.   

Муҳайё Тошқораева, ЎзА