Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда гиёҳванд моддаларнинг минтақадаги ноқонуний айланмаси масаласи муҳокама қилинмоқда
15:34 / 2022-04-20

Ўзбекистон томони раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ваколатли органлари раҳбарларининг гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш бўйича 12-мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Анжуманда Ҳиндистон гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бюросидан Сатя Прадхан, Қозоғистон ички ишлар вазирлиги ходими Асқар Мухаметкалиев, Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Лян Юн, Қирғизистон ички ишлар вазирлиги вакили Нурлан Турусбеков, Покистон наркотикларни назорат қилиш вазирлиги ходими Рашид Минхас, Россия ички ИИВ вакили Кирил Смуров, Тожикистон Президенти ҳузуридаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармасининг Илмий-техникавий ҳамкорлик масалалари агентлиги вакили Раҳмонали Раҳимзода, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев тадбирни мартабали меҳмонларга қутлов нутқи билан мурожаат қиларкан, жумладан, шундай деди:

«Бугунги кунда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мавзуси минтақада пайдо бўлаётган гиёҳвандлик ҳолати ва ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига аниқ-равшан таҳдид фонида тобора долзарб тус олмоқда. 2021 йил Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазият афғон афюнлари ноқонуний савдоси кенгайиши, хусусан, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг интенсив тарқалиши билан тавсифланди. Асосий муаммолар орасида кучли гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишни кучайтириш тенденцияси ҳам мавжуд».

[gallery-6731]

Дарҳақиқат, сўнгги пайтлар Афғонистондан Шимолий йўналиш орқали гиёҳванд моддалар савдоси ҳажми ошгани, айниқса, минтақа мамлакатлари билан фаол интеграция жараёнида ҳудудлардан оқими тезлашгани, хусусан, Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уриниш ҳолатлари кўпайгани кузатиляпти.

Марказ тақдим этган маълумотга кўра, 2021 йил гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят миқдори 2020 йилга нисбатан 18,4 фоиз ошиб, 7 минг 142 тани ташкил этган. Мусодара қилинган наркотик моддалар ҳажми 1 864,4 килограммга тенг бўлган. Айни кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 20,9 фоиз кўп.

Мажлисда маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан гиёҳвандлик воситалари ноқонуний савдосининг олдини олиш бўйича мамлакатимизда сезиларли ижобий натижалар қайд этилаётгани эътироф этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази томонидан аниқ факт ва рақамлар ёрдамида қилинган таҳлилий маълумотлар, айниқса, наркотик моддаларни мусодара қилиш билан боғлиқ фаолият самарадорлиги кескин ошганини кўрсатмоқда.
Йиғилиш давом этяпти.

Ғ.Хонназаров, ЎзА