French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда “Германия тиббиёт академияси” лойиҳаси очилиш маросими бўлди
11:31 / 2025-10-22

Бугун Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги 1-сон Республика жамоат саломатлиги техникумида Германия тиббиёт академияси лойиҳасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, шунингдек ГФР “Axen” университети клиникаси ҳамда Швейцариянинг “Globogate Concept AG” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Академия Германия – Ўзбекистон ҳамкорлигининг муҳим босқичи бўлиб, юқори малакадаги ўрта тиббиёт мутахассисларини Германия стандартлари асосида тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ҳамюртларимиз учун чет мамалакатларнинг нуфузли клиникаларида тажриба алмашиш, янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.

Битирувчилар ҳар икки давлатда тан олинадиган диплом олиб, Германияда тўлиқ тан олинган ҳамшира сифатида иш бошлаши мумкин. Шу билан бирга, ГФРда ишлаётган ҳамширалар оила аъзоларини ҳам ўзи билан олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади.

– Мазкур лойиҳа асосида Андижон, Қарши ва Наманган шаҳарларида ҳам қўшма ўқув курслари ташкил қилинган, – деди Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев. – 2023-2025 йиллар давомида ҳамшираларимиздан 1200 нафари “Globogate Concept AG” кўмагида ўқув курсини тамомлади, 600 киши айни пайт таълим олмоқда. 450 ўғил-қиз аллақачон Германия клиникаларида иш бошлаган. 160 даъвогар учун виза расмийлаштириляпти. Йил якунига қадар яна 350 ҳамширамиз Германияда фаолият бошлаши режалаштирилган. Бу амалиёт бизга тиббиёт таълими соҳасида икки мамлакат ўртасидаги тафовутни ўрганиш имконини яратди. Жорий йил академияга 750 тингловчи қабул қилинади. Келаси йил бу миқдорни 1500 га етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги Абу Али ибн Сино номли техникумларда немис тиббий таълими дастурлари босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Ўқувчилар биринчи босқичданоқ немис тилини чуқур ўргана бошлайди, иккинчи йил эса фанни “Axen” университети дастури асосида ўзлаштиради.

Меҳмонлар Яшнобод туманидаги Халқаро тил ва кўникма мактаби очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Ушбу маскан хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни халқаро талаб даражасида тайёрлаш мақсадида фаолият юритади.

320 ўқувчига мўлжалланган ўқув биноси, 350 ўринли ётоқхона, замонавий лабораторияларга эга мазкур муассасада амалий машғулот учун ҳам зарур шароит муҳайё қилинган. Ноябрь ойидан бошлаб Германияда ҳамширалик фаолиятига тайёрлов дастури ҳамда Японияда хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўқув курси йўлга қўйилади.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА