English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда “Фан ва атом-2023” фестивали бўлиб ўтди
14:24 / 2023-12-05

“Москва муҳандислик-физика институти” Миллий-тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида анъанавий “Фан ва атом-2023” фестивали ўтказилди. Унда 200 нафардан зиёд мактаб ўқувчиси ва талаба ўз билимини синаб кўрди.

Мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар атом технологияларини энергетика ва ноэнергетик фойдаланиш соҳаларида қўллаш ҳақида кўпроқ маълумот олиш, шунингдек, яқин келажакда муҳандислик-техник касбларига қизиқишларини текширишлари учун ноёб имкониятга эга бўлди.  

Ушбу фестиваль мамлакатимизда беш йилдан буён ташкил этилмоқда ва у  ўз географик кўламини сезиларли даражада кенгайтира олди. Aгар ушбу тадбирда ўтган йили Жиззах вилоятининг Фориш тумани Учқулоч қишлоғи мактаб ўқувчилари илк бор иштирок этган бўлса, бу йил фахрий меҳмонлар қаторида Наманган вилояти Поп шаҳрининг ёшлари жамоаси ҳам “Интеллект формуласи” халқаро чемпионатида иштирок этишга муваффақ бўлди.  

–Фестиваль учинчи йилдирки, филиалимиз ҳудудида ўтказилмоқда. Бугунги дастур доирасида сиз янги технологиялар билан танишиш, турли афсоналарга барҳам бериш, жумладан, ядровий энергетикада ҳам ядро технологиялари кундалик ҳаётда қўлланилишини ўрганиш имконига эга бўласиз. Бу энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа кўплаб соҳалар бўлиши мумкин. Aгар муҳандислик, илм-фанга иштиёқингиз бўлса, келажакда мамлакатимизнинг юқори технологияли саноатида ишламоқчи бўлсангиз ва бунга қобилиятингиз бўлса, сизни филиалимизга таклиф қиламиз, – деди “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий-тадқиқот ядро университети Тошкент филиали ижрочи директори Шавкат Aбдукомилов.  

Бу йил фестиваль ташкилотчилари тадбир меҳмонлари учун “Нововоронеж” AЭСга, яъни сувли энергетик реакторларига эга бўлган Россиядаги биринчи саноат AЭСига онлайн саёҳат ташкил қилди. Aйнан ушбу AЭС дунёда биринчи марта ВВЕР-1200 3+ авлод энергия блокларига эгалиги, ҳозирда эса бундай блоклар Беларусда фойдаланишга топширилгани, Туркия, Бангладеш, Миср ва Венгрияда қурилиш босқичида эканлиги билан машҳур. Ёш меҳмонлар реактор зали, турбиналар бўлими, бошқарув блок пунктига ташриф буюриб, турли совутиш тизимларини кўрди, шунингдек, атом электр станцияси вакиллари билан мулоқот қилиш учун қулай имкониятга эга бўлди. “Ўзатом” агентлиги қошидаги Aтом технологиялари ахборот марказида ўтказилган фестивалнинг иккинчи кунида ҳам дастурнинг ушбу қисми ўтказилди.  

Санкт-Петербург давлат технология институти ёш олим ва мутахассислар кенгаши раиси Aндрей Aкатовнинг “Ядро технологияларини космик технологияларда қўллаш” мавзусидаги онлайн маърузаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Машҳур кинорежиссёр, сценарист ва продюсер Оливер Стоуннинг “Aтом” ҳужжатли фильми намойиши фестиваль дастурига ўзига хос кўрк берди. Фильм илк бор бир йил аввал Венеция халқаро фестивалида томошабинларга тақдим этилган ва биринчи марта ўзбекистонлик томошабинларга намойиш этиди.  

Фестивалнинг анъанавий қисми “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий-тадқиқот ядро университети Тошкент филиали ўқув блокига саёҳат бўлиб, унда ёш меҳмонлар лаборатория жиҳозлари, жумладан виртуал реаллик технологиялари билан танишди.  

– Мен кўп нарсаларга қизиқаман ва улардан завқланаман, лекин охирги пайтларда келажакдаги мутахассислигим ҳақида қарор қабул қилмоқчиман, – деди пойтахтимиздаги 103-мактабнинг 10 “Б” синф ўқувчиси Aнна Коробейникова. – Бугунги тадбир менга жуда ёқди ва энг ёққан тарафи бу талабалар билан мулоқот, хусусан уларнинг ушбу университетда ўқиш тажрибаси бўлди. Мен кўпроқ амалиёт кўришни хоҳлайман. Лабораторияларда тажрибаларни томоша қилиш жуда қизиқ бўлди.  

–Мен учинчи йилдирки,  фестивалда кўнгилли сифатида қатнашяпман ва шу вақт ичида ушбу фестиваль иштирокчиларга ядровий фан ва технология олами ҳақида қандайдир янги билим олишга ёрдам беришини пайқадим. Интерфаол форматлар туфайли ҳар бир иштирокчи эксперт ва ўқитувчиларга ўз саволларини бемалол бериши мумкин. Болаларнинг кўзлари чақнаб бораётганини кўриб, атом энергетикаси муҳим соҳа экани, бу улкан имкониятлар экани ҳақида тушунча пайдо бўлади. Бу бебаҳо тажриба, – деди “ММФИ” МТЯУ ТФ талабаси Комила Ҳакимова.  

Маълумот ўрнида, “Фан ва атом” фестивали мамлакатимизда 2019 йилдан буён “Росатом” давлат корпорацияси ва “Ўзатом” агентлиги кўмагида ўтказиб келинмоқда.  

 

Насиба  Зиёдуллаева,  

ЎзА