Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Европа Иттифоқи делегациясининг янги офиси очилди
20:52 / 2022-10-28

28 октябрь куни Тошкентда ЕИ делегациясининг Ўзбекистондаги офиси очилиши маросимида иштирок этган Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель давлатимиз раҳбари билан самарали ва конструктив музокара бўлиб ўтганини таъкидлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатини юксак баҳолади. Унинг таъбирича, Ўзбекистон раҳбарининг ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги қатъий сиёсий иродаси алоҳида эътиборга лойиқ. Иқтисодиётни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва демократияни чуқурлаштириш соҳаларида катта натижаларга эришилган.

– Биз инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилдик, Ўзбекистон Президенти қонун устуворлигини мустаҳкамлашга доир саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди, – деди Ш.Мишель.

Президентимизнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини алоҳида таъкидларкан, “Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо ва кооперация алоқаларини кенгайтириш борасидаги кўплаб ташаббус ва ғоялар муаллифидир”, дея қўшимча қилди у.

[gallery-9331]

Европа кенгаши раҳбари Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистон янги қиёфага эга бўлгани, ЕИнинг минтақадаги энг жозибали ва асосий шеригига айланганини таъкидлади. Муносабатларни янада чуқурлаштириш, тез орада кенг кўламли шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга келишиб олинди.

Ўзбекистонда ноябрь ойида яна бир муҳим анжуман – ўзаро боғлиқлик бўйича “Барқарор тараққиёт учун “Глобал дарвоза” конференцияси бўлиб ўтади. Бу минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолатини муҳокама қилиш, умумий манфаатли барча масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.

Европа кенгаши Президенти таъкидлашича, мулоқот давомида Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ва Украинадаги низонинг салбий таъсири тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида Ш.Мишель Тошкентдаги ЕИ делегацияси икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Президенти билан учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.

Шу куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий обидалари билан танишди. Жумладан, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонини томоша қилди. Яқинда очилган "Буюк ипак йўли" халқаро туристик марказидаги "Боқий шаҳар" мажмуасида бўлди.

Шу билан Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг мамлакатимизга ташрифи якунланди.

ЎзА