Пойтахтимизнинг фитосанитар тозалигини таъминлаш, шаҳар ҳудудида табиий биофонни яратиш, биологик кураш тизимини кенг жорий этиш, парвариш қилинаётган манзарали ва мевали дарахтларни ҳар хил касалликларга чалинишдан асраш, маҳаллий зараркунандаларга қарши курашиш борасида Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан зарур чоралар қўлланиб келинмоқда.
Хусусан, баҳор мавсумининг апрель, май ойларида кўпаядиган шаҳармўйловдори зараркунандасига қарши комплекс ишлар амалга ошириляпти. Ушбу зарарли организм асосан, терак, қайин, чинор, тол, олма, ўрик, тут, ёнғоқ каби 15 га яқин дарахтларда учрайди.


Бошқарманинг ички карантин бўлими ҳамда сайёр лабораторияси ёрдамида пойтахт туманларидаги дарахтлар кўздан кечирилиб, дарахтларга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган ушбу зараркунанда борлиги аниқланди ва хўжалик вакилларига уларга қарши кураш чоралари бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.


Маълумотларга қараганда ушбу зараркунанда маҳаллий ҳашарот ҳисобланиб, унинг тарқалиши ҳам соғлом, ҳам заифлашган дарахтлар танасида учрайди. Личинкалар камбий қатламини еб, дарахтнинг қуришига олиб келади. Ушбу шаҳармўйловдори зараркунандаси дарахт танасида доимий равишда яшаб, ҳаво ҳарорати 15-20 градусга кўтарилганда дарахтларга жиддий зарар етказишни бошлайди.
Бошқарма томонидан профессор олимлар билан ҳамкорликда дарахт ва ўсимлик зараркунандаларига қарши кимёвий ишлов бериш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА