English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда чорвачиликни барқарор ривожлантириш масаласига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди
19:05 / 2022-06-22

21-23 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Барқарор чорвачилик глобал дастури” доирасида гибрид шаклда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 2-минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Чорвачилик – барқарор озиқ-овқат тизимлари ривожи учун” шиори остида ташкил этилган тадбирда қарийб 140 киши, жумладан, 9 давлатдан 25 нафар хорижий экспертлар иштирок этди.

Аҳолининг хавфсиз ва арзон озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилган ҳолда чорвачиликнинг инклюзив тараққий этиши Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Анжуман чоғида мамлакатимизда чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорда сотиш учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияни кенг жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилингани ҳам шундан далолат беради.

Йиғилишда республикамизда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 2-минтақавий йиғилиши янада инклюзив ва барқарор чорвачилик тизимини яратиш учун биргаликдаги ҳаракатни изчил давом эттиришга қаратилган.

“Барқарор чорвачилик глобал дастури” чорвачилик соҳасида ушбу соҳани барқарор ривожлантириш тарафдори бўлган кенг доирадаги манфаатдор томонларни бирлаштиради. Мажбуриятларни бажариш, инвестицияларни жалб қилиш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун стратегик қарорлар қабул қилиш истиқболи муҳокама этилди.

Дастур қатор ташаббусларни амалга оширади, жумладан, вебинар, нашрлар, тажриба лойиҳалари, минтақавий ва глобал учрашувлар ҳамда шу орқали бутун дунёда чорвачиликни барқарор ривожлантириш учун ҳаракатлар ва сиёсий қарорларни асослаш учун зарур бўлган ўзаро мулоқот, илмий маълумотлар майдони экани таъкидланди.

Учрашувда турли мамлакатлар мисоли ёрдамида соҳадаги ютуқлар, шунингдек, янада барқарор, бардошли ва инклюзив озиқ-овқат тизимини яратиш мақсадида келгусидаги ҳаракатлар, истиқболли мажбуриятлар кўриб чиқилди.

ЎзА