Жорий йилнинг 25 март куни Тошкент Франция альянсида “Бухарест – кичик Париж” кўргазмаси иш бошлади.
Руминиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Миллий ахборот агентлиги – “Ажерпрес” ҳамкорлигида, Тошкент Франция альянси кўмагида ташкил этилган тадбир Руминиянинг Франкофония халқаро ташкилотига аъзо бўлганининг 30 йиллигига бағишланади.
Тошкентда Франкофония байрамини нишонлаш доирасида ўтказилаётган 22 та фотосуратдан иборат кўргазма Ўзбекистон жамоатчилигига Руминия пойтахтининг 1929-1939 йиллардаги тасвирини тақдим этади.
Руминия халқларимизни энг яхши яқинлаштирадиган бўғин сифатида Ўзбекистон билан барча даражадаги, жумладан, маданият соҳасидаги муносабатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 18 декабрь куни Руминия элчихонаси мамлакатимиз билан икки ва кўп томонлама алоқани ривожлантириш, мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан миннатдорчилик сертификатини қабул қилиб олган эди.
Дарвоқе, кўргазма 31 мартга қадар ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.
Б.Худойбердиев,
ЎзА мухбири