Тошкентда бундан 111 йил олдин ташкил этилган “Ёрдам” жамияти Сирдарё вилоятига қандай кўмак берган?
КУН ТАРИХИ
Ўрта Осиё тарихидаги биринчи университет, Ўзбекистондаги биринчи ҳаво йўли, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва тарихимиздаги 12 май санаси билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА
1873 йил (бундан 147 йил олдин) – руслар Хива хонлиги таркибидаги Қўнғиротга бир неча марта тўп отиб, шаҳарни деярли жангсиз қўлга киритдилар. Қалъани ташлаб қочган бийлар ва 300 га яқин отлиқлар Хўжайли томон юриш бошлаган рус отрядларига вақти-вақти билан ҳамла қилиб турсаларда, сезиларли талофат етказа олмадилар.

1879 йил (бундан 141 йил олдин) – давлат ва жамоат арбоби, тарихчи олим Муҳаммаджон Тинишбоев таваллуд топди (вафоти – 1938 йил). У 1917 йил ноябрь–декабрда тарихимиздаги илк демократик давлат – Туркистон мухторияти ҳукуматининг биринчи бош вазири, 1917 йил ноябрь – 1918 йил февралда ички ишлар вазири бўлган. 1917 йил декабрдан 1920 йил мартга қадар Алаш Ўрда ҳукуматининг ички ишлар вазири сифатида фаолият кўрсатган. Кейинчалик бир қатор лавозимларда ишлаган. У қатағонга учраб, отиб ташланган. 1959 йилда ўлимидан сўнг оқланган.
1909 йил (бундан 111 йил олдин) – Тошкентдаги “Ёрдам” мусулмон жамияти тузилди. Мазкур жамият Тошкентда мусулмон кишилар томонидан тузилгани ва муҳтож инсонларга турли ёрдам кўрсатиш билан шуғуллангани сабабли шундай аталган. Унинг мақсади Сирдарё вилояти ҳудудидаги ночор мусулмон кишиларнинг маънавий ва моддий аҳволини яхшилаш учун хизмат қилиш бўлган. Бу борада жамият томонидан етимхоналар, ночор қария, етим, ногиронлар учун шифохоналар очиш, тунайдиган жойлар қуриб бериш, шунингдек, ўрта ва олий ўқув юртларида таълим олишни давом эттираётган талабаларга стипендиялар таъсис этиш ишларини амалга оширилган.
1918 йил (бундан 102 йил олдин) – миллатнинг фикрий ривожида замонавий университетларнинг ғоят улкан ўрин тутишини англаган Мунаввар қори етакчилигидаги зиёлилар ташаббуси ва саховатли кишиларнинг кўмаги билан Ўрта Осиёдаги дастлабки олий ўқув юрти – Мусулмон халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)га асос солинди. Халқ дорилфунуни ташкил этилганда, унинг қошида адабиёт-фалсафа, ижтимоий-иқтисодий, табиий-математик, қишлоқ хўжалиги, техника сингари 5 факультет фаолият кўрсатган.
1918 йил (бундан 102 йил олдин) – Тошкентда ёш хиваликлар партиясининг Марказий инқилобий қўмитаси тузилди. Кўмитага Полвонниёз ҳожи Юсупов (раис), Бобожон Яқубов (ўринбосар), Атажон Сапаев (котиб), Муҳиддин Умаров (хазиначи), Назир Шоликоров ва бошқалар аъзо бўлиб кирдилар.
1919 йил (бундан 101 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, маёр Олим Ҳакимов таваллуд топди (вафоти – 2003 йил). Унга 1945 йил 16 январда Польшанинг ломна аҳоли пункти ёнида Висла дарёсини кечиб ўтиб, плацдармда бўлган жангда кўрсатган жасорати учун 1945 йил 27 февралда Қаҳрамон унвони берилган. Урушдан сўнг турли раҳбар лавозимларда ишлаган.
1924 йил (бундан 96 йил олдин) – Ўзбекистонда биринчи ҳаво йўли очилди. Ўзбекистонда фуқаро авиацияси тарихи бошланди. Узунлиги 800 км бўлган Тошкент – Авлиёота (Тароз) – Пишпек (Бишкек) – Олмаота маршрутида Россия кўнгилли ҳаво флоти жамияти (“Добролёт”)нинг Ўрта Осиё бўлими (Когон шаҳри)га қарашли Германиядан сотиб олинган “Юнкерс–13” самолётларида дастлабки йўловчилар ташиш рейси амалга оширилди.
1925 йил (бундан 95 йил олдин) – қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари бўйича олим (оториноларинголог), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Қўчқор Мирзаазизов таваллуд топди. У Ўзбекистон оториноларингология мактабини яратган. 2001 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1931 йил (бундан 89 йил олдин) – Тошкентда зарбдор ёшлар кўриги бўлиб, унда йигит-қизлар Ўзбекистондаги йирик саноат корхоналарини қуришда фаол иштирок этишга чақирилди. Қувасой цемент комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинати, Чирчиқ электрокимё комбинати, Бухоро ва Самарканд ип-йигирув фабрикалари, Марғилон шойи тўқиш комбинати ва бошқа иншоотлар қурилишида ёшлар катта хизмат қилган.
1982 йил (бундан 38 йил олдин) – Амударё устида қурилган Хайратон кўприги ишга туширилди. Шу куни Термиз–Хайратон (Афғонистон порти) темир йўли ҳам ишга туширилди.

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини ташкил этиш тўғрисцда” Фармони қабул қилинди.
2000 йил (бундан 20 йил олдин) – Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Бўзсув канали бўйида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуининг очилиш маросими бўлди. У мустабид совет режими даврида қатағон қилинган шаҳидлар хотирасига бағишлаб ўрнатилган бўлиб, миллат фидойиларининг аксарияти шу ерда отиб ташланган эди.
ЖАҲОН ТАРИХИДА
1881 йил (бундан 139 йил олдин) – Франция Шимолий Африкада жойлашган Тунисни босиб олди. Бу Франциянинг янги мустамлакалар босиб олиш йўлидаги дастлабки қадами бўлди. Германия Франциянинг Тунисни босиб олишига атайин қаршилик кўрсатмади. Унинг мақсади Франция ва Италия муносабатларини кескинлаштириш эди. Чунки, Германия Италиянинг ҳам Тунисга даъвогарлигини яхши биларди.

1910 йил (бундан 110 йил олдин) – инглиз кимёгари ва биокимёгари, Лондон Қироллик жамияти аъзоси Дороти Кроуфут-Хожкин дунёга келди (вафоти – 1994 йил). У 1946 йилда пенициллин, орадан ўн йил ўтиб витамин B2 тузилишини аниқлаган. 1964 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлган.
1933 йил (бундан 87 йил олдин) – рус шоири Андрей Вознесенский дунёга келди. У совет тузуми даврида ҳақгўйлиги, адолатпарварлиги учун таъқибга учраган. 1966 йилги Тошкент зилзиласи пайтида Тошкентда бўлиб, “Тошкентга ёрдам беринг!” достонини ёзган. У Алишер Навоий ҳақида “Алишер Навоий – улуғ шоир... Навоийнинг минг йилларга татирли аҳамияти бор...”, деб унга юксак баҳо берган. Унинг “Мангу ризқ” асари 1990 йилда Сирожиддин Саййид томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.
1933 йил (бундан 87 йил олдин) – АҚШ Конгресси “Фермерларга ёрдам ҳақида” қонун қабул қилди. Қонунга кўра, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг харид нархлари оширилди. Ўз навбатида, фермерлар экин майдони ва чорва моллари сонини қисқартириш ҳақида давлат билан шартнома тузишлари лозим эди. Шундай қилган фермерларга мукофот белгиланди. Фермерларнинг қарзи давлат ҳисобига ўтказилди ёки уни тўлаш номаълум муддатга тўхтатиб қўйилди.
1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Россия Федерацияси ва Чеченистон ўртасида тинчлик шартномаси тузилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ