Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда «Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши» халқаро форуми
15:52 / 2023-11-09

Жаҳон болалар кунига ва 2023 йилги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясига (CОР 28) бағишланган форум ёшлар билан мулоқот майдони бўлди.

«Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши» деб номланган халқаро форум болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгариши салбий оқибатларига қарши, шу жумладан, экологик таълимни илгари суриш орқали курашишдаги ўрнини эътироф этишга бағишланган.

Тадбирда Туркия Республикасининг биринчи хоними Эмине Эрдоған, Эрон Ислом Республикаси Президентининг рафиқаси Жамиле Аъламулхудо, Қирғиз Республикасининг биринчи хоними Айгул Жапарова, Ўзбекистон ҳукумати, ЮНИСЕФ вакиллари, БМТ агентликлари, Марказий Осиё мамлакатларининг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, миллий институтлар, фуқаролик жамияти ва Марказий Осиё мамлакатларининг ёш экофаоллари иштирок этди.

Форум очилишида Ўзбекистоннинг биринчи хоними ва «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга мурожаат қилади:

«Форумнинг бош иштирокчилари - сизлар. Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади».

Узлуксиз «яшил» таълим ва экологик маданиятни шакллантириш орқали ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи ЮНEП ижрочи директори Ингер Андерсен сўзининг муҳим мавзуси бўлди:

«Экологик таълим улкан аҳамиятга эга. У келажак авлодларга шунчаки норозилик вакиллари бўлиш эмас, балки ўзгаришларнинг драйверига айланиш учун зарур кўникма ва билимларни беради. Ниятимиз – кейинги авлодлар сайёра билан уйғун ҳаёт кечиришнинг янги ва яхшироқ усулларини орзу қиладиган дадил ҳукумат етакчилари, олим ва новаторлар бўлсин. Улар саноат корпорацияларида экологик тафаккур овози бўлсин. Ўз бизнесини яратиб, “яшил” ва экологик барқарор маҳсулот ва хизматларни тақдим этсин».

Форум турли даражаларда – глобал, минтақавий ва миллий миқёсда экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатларни муҳокама қилиш учун самарали майдон бўлди.

Хусусан, мазкур тадбирда ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминитсис шундай деди: «Иқлим ўзгариши ва экологик таълим масалаларининг мактаб дастурларига киритилиши болалар ва ёшларнинг ўзгариб бораётган иқлимга мослашиш кўникмаларидан хабардорлигини оширишда муҳим қадамдир».

[gallery-14478]

Форум иштирокчилари экотаълим мавзусини муҳокама қилар эканлар, ўқув жараёнида янги ахборот технологияларидан фойдаланиш муҳим эканини қайд этди. Марказий Осиё экофаоллари иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқишда, кўрилаётган чораларни мониторинг қилиш ва уларнинг боришини баҳолашда болаларнинг ҳам иштирок этиш ҳуқуқи борлигини алоҳида таъкидладилар. Тадбир иштирокчилари экологик таълим инклюзив, яъни барча учун очиқ ва тушунарли бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтдилар.

«Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши» халқаро форуми «Замин» фонди, ЮНИСЕФ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ўтказилди.

ЎзА