Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда болалар аллергологларининг II Халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилмоқда
19:22 / 2022-10-27

Тошкентда болалар аллергологларининг II Халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилмоқда. Унда юртимизнинг етакчи аллерголог, дерматолог, педиатр, пульмонологлари билан бирга, Россия, Австрия, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган олимлар эштирок этмоқда. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Алимов таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳани такомиллаштириш юзасидан қатор янгиланишлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 11 майдаги “Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 октябрдаги “Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўляпти.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида аллергология ва клиник иммунология кафедраси ташкил этилиши, ординатурага қабул квотаси оширилиши, аллергология ва клиник иммунология мутахассислиги бўйича магистратура йўналиши очилиши муҳим янгилик бўлди.

Бундан ташқари, 2019 йилда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази томонидан ишлаб чиқилган сўровномадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда 18 ёшгача болалар учун Давлат скрининг дастури амалга оширилди. Ўз навбатида, юртимизда илк бор 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ва ўсмирлар орасида аллергик касалликларнинг тарқалишини ўрганиш бўйича уч босқичли тадқиқот ўтказилди.

Болалар аллергик касалликларининг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро анжуман кун тартибидан ўғил-қизларда астма ва аллергия, озиқ-овқат аллергияси, молекуляр аллергология, болалар иммунологияси, бирламчи иммунодефицитлар, пульмонология, дерматология, ЛОР патологиялари каби мавзулардаги чиқишлар ўрин олган. Бу орқали кичик ёшли беморларда аллергик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг мунозарали масалалари муҳокама этилиб, фикр ва тажриба алмашилади.

Шунингдек, конференция доирасида “Болаларда сигир сутига аллергия”, “Болаларда қаварчиқлар” мавзуида маҳорат дарслари ўтказилади.

М.Қосимова, ЎзА