Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда Беларусь, Россия, Қозоғистон олимлари жам бўлди
19:53 / 2024-10-25

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида анъанавий «Инновация 2024» XXVIII халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.

Конференция Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази, Навоий кон-металлургия комбинати, «ЎзбекЎқувАвтоматика» маркази, Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Унда Ўзбекистон, Беларусь, Россия, Қозоғистондан олимлар ҳамда саноат соҳаси вакиллари, тадқиқотчилар ва истеъдодли талабалар иштирок этмоқда. 

- Биз бугун янги, импорт ўрнини босувчи технологиямиз тақдимотини ўтказдик. Биз нўхат, наъматак ва лимоннинг мах,аллий навларидан олинган ўсимлик оқсиллари асосида спортчилар истеъмол қиладиган озуқани ишлаб чиқдик. Тайёр рецептларимиз бор. Энди тажриба-саноат технологиясини ишлаб чиқиб, корхоналарга бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини берувчи меъёрий-техник ҳужжатларни тайёрлаш керак, - дейди «Биотехнологиялар, сифат ва озиқ-овқат хавфсизлиги» лабораторияси мудири, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлари таълим ва фан академияси академиги, биология фанлари доктори Масимжан Велямов.

[gallery-19989]

 Конференция доирасида энг муҳим илмий-амалий ва таълим йўналишлари бўйича 7 та секция ишламоқда.

- Конференцияда кўплаб янги ишланмалар тақдим этилди. Ҳар бир маъруза муҳим мавзуга бағишланган. Масалан, Навоий кон-металлургия комбинати вакили уран ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир кўрсатувчи ишланмани тақдим этди. Жорий йилда марказимиз томонидан Ўзбекистон нефть ва газ соҳаси учун саноат хавфсизлигини бошқариш бўйича автоматлаштирилган тизим ишлаб чиқилди. Бу тизим ҳозирда 25 та корхонада жорий қилинган. Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати билан биргаликда ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими устида иш олиб бораяпмиз, - дейди Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори, профессор Аманулла Қодиров. – Бу нима учун керак, деб сўрашингиз мумкин. Корхонанинг салмоқли даромади ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатишга сарфланади. Масалан, экскаватор тахминан 15 миллион доллар турса, унинг двигателини капитал таъмирдан чиқариш янги экскаватор нархининг 15 фоизини ташкил этади. Шу боис, бундай тизимларни яратиш тежамкорлик, ускуналарнинг узлуксиз ишлаши ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан зарурдир. 

 Конференция дастурига 12 та ялпи ва 87 та секция маърузалари киритилган. 

-Биз атмосфера ҳавосидан сув олиш учун ёқилғили ва ёқилғисиз тизимлар устида иш олиб бораяпмиз. Атроф-муҳитда 12 дан 16 минг куб километргача сув бор, бу триллионлаб тонна деганидир. Ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, ҳаводан сув олинганидан кейин, табиатнинг ўзи ўз заҳираларини тўлдиради, - дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институтининг нефть-газ тармоғи бўйича бош муҳандис ўринбосари Ғани Икромов. 

 «Инновация 2024» XXVIII халқаро илмий-амалий конференцияси 26 октябрга қадар давом этади.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА.