Бугун, 16 сентябрь куни пойтахтимизда бадминтон бўйича ёшлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати бошланди.
7 та мамлакатнинг 100 нафарга яқин ёш спортчилари иштирок этаётган баҳсларда U15, U17 ва U23 ёш тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон ва Мўғулистон каби мамлакат спортчилари қатнашаётган чемпионат мусобақалари жамоавий, яккалик, жуфтлик ва микст дастурларида ўтади.
Мусобақаларни кузатиб бориш учун юртимизга келган Халқаро бадминтон федерацияси Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Жассим Кансо пойтахтимизда бунёд этилган Олимпия шаҳарчаси ҳудудида жойлашган спорт иншоотлари билан яқиндан танишди.
Танишув жараёнида замонавий мажмуада яратилган шароитлар ва амалга оширилган ишларга юқори баҳо бериб, "Олимпия шаҳарчаси" ўзбек спорти ривожи йўлида улкан пойдевор вазифасини ўташига ишонч билдирди.
Марказий Осиё чемпионати 22 сентябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА