Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда автобус бошқаришга номзод аёл ҳайдовчилар амалиёт ўтамоқда
17:22 / 2024-02-28

Шу вақтга қадар мамлакатимизда аёллар оғир юк машиналарини, яъни автобусларни бошқариш ҳуқуқига эга эмасди. Яъни, аёллар фақатгина йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни ҳайдовчи сифатида бошқариши мумкин эди.

Эндиликда, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорининг 2-иловаси 27-банди ҳамда 3-иловаси 5-банди ўз кучини йўқотди. Ушбу нормалар катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришда аёлларни жалб этиш имконини бермасди. Эндиликда аёлларга қуйидаги йўналишлар бўйича меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилди. 

Эндиликда аёлларга юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини ва йўловчиларнинг сони 14 кишидан ортиқ автобусларни бошқариш ҳуқуқи берилди. 

Эски нормаларнинг бекор қилиниши билан аёлларга қўшимча касб ва соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бориши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланди. Шунингдек, транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришга аёлларни жалб этиш имконияти яратилди. 

Энг муҳими, замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай ва соғлиқларига зарарсиз меҳнат фаолиятини олиб бориш имконини беради. 

Бу борада хориж тажрибасини кузатадиган бўлсак, АҚШда жами 175 855 та ҳайдовчи бўлиб, шундан 48,9 фоизи аёл ҳайдовчиларга тўғри келади. Туркиянинг Измир шаҳрида жамоат транспорт хизматларини кўрсатувчи ESHOT ташкилотида 2500 минг нафар ҳайдовчидан 200 нафари аёл ҳайдовчилардир. 

“Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати автобусларни бошқариш истагини билдирган икки нафар аёл номзод учун амалиёт дарслари бошланганини маълум қилди. 

Хабарда қайд этилишича, ушбу ҳайдовчиларга амалиёт дарслари белгиланган бўлиб, устоз ҳайдовчи томонидан автобусни бошқариш ва йўналиш ҳаракати бўйича батафсил тушунчалар берилмоқда. Ҳайдовчиликка номзодлардан бири Саодат Шерматова бўлиб, у 2005 йилда “D” тоифаси бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олган. 

Ш.Маматуропова, ЎзА