Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда автобус бекатларидаги дўконлар босқичма-босқич олиб ташланади
13:15 / 2026-03-04

Пойтахтда жамоат транспорти бекатлари ҳудудида жойлашган савдо объектларини босқичма-босқич олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ўтказилган ўрганишлар натижасида бекат мажмуаларида жами 110 та савдо объекти фаолият юритиб келаётгани аниқланган. Уларнинг аксарияти турли хил маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи тижорат дўконларидан иборат.

Текширув давомида 110 та савдо нуқтасидан 61 таси бекат ҳудудидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмагани маълум бўлган. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқий баҳо берилиб, қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши кутилмоқда.

Шаҳар маъмурияти қарорларига мувофиқ, келгусида барча жамоат транспорти бекатлари босқичма-босқич янгиланади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорлар учун эса савдо нуқталарини бошқа ҳудудларга кўчириш орқали компенсация бериш механизми жорий этилиши режалаштирилган.

Ушбу чоралар жамоат транспорти инфратузилмасини тартибга солиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва бекатлар атрофидаги тирбандликни камайтиришга қаратилган.

Жаҳон амалиётига кўра, замонавий жамоат транспорти бекатлари аввало йўловчилар учун эркин ва хавфсиз кутиш шароитини яратиши лозим. Бунда платформа кенглиги, тирбандлик пайтида уни кенгайтириш имконияти, шунингдек, барча тоифадаги аҳоли жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, кекса инсонлар ва болали оилалар учун қулай бўлган инклюзив муҳитни таъминлаш асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Бекатларда ноқонуний ёки тартибга солинмаган савдо нуқталарининг кўпайиши ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши, йўловчилар оқимини чеклаши ва санитария ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Шу боис, пойтахтда жамоат транспорти бекатларини замонавий талаблар асосида қайта жиҳозлаш орқали шаҳар инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсад қилинган.

Ш.Маматуропова, ЎзА