Тошкент шаҳридаги “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг филиали ҳузурида атом энергетикаси ва ядро технологиялари бўйича Илғор муҳандислик мактаби очилди.
“Ўзатом” агентлиги ҳамда “Росатом” давлат корпорацияси кўмагида ташкил этилган ушбу ўқув даргоҳи энергетика ҳамда ядро технологиялари соҳасидаги амалий вазифаларни ҳал этишга қодир мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган. Мактабга танлов асосида саралаб олинган мазкур филиалнинг юқори курсларида таҳсил олаётган 20 нафар талаба қабул қилинди.

Илғор муҳандислик мактабини ташкил этиш жорий йилнинг май ойида имзоланган “Ўзатом”агентлиги, “Росатом” давлат корпорацияси ҳамда филиал ўртасидаги уч томонлама келишув доирасида амалга оширилди. Лойиҳа Ўзбекистон атом саноати ҳамда энергетиканинг унга ёндош тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг барқарор тизимини шакллантиришга қаратилган.
Очилиш маросимида сўзга чиққан “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев миллий ядро-энергетика дастури учун кадрлар масаласи устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Бугун Ўзбекистон атом энергетикаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу давлат сиёсати марказида, шунингдек, инсон капиталини шакллантиришга устувор аҳамият бераётган давлат раҳбарининг шахсий эътибори доирасида турибди. Зеро, айнан инсон капитали миллий ядро-энергетика дастурини, умуман энергетика ва иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларини муваффақиятли ҳамда хавфсиз ривожлантиришнинг асосий шарти ҳисобланади. Шу маънода Тошкент шаҳридаги ММФИ МТЯУ филиали алоҳида ўрин тутади. Ишонч билан айта оламизки, ушбу даргоҳ битирувчиларининг тайёргарлик даражаси ҳақиқатан ҳам жуда юқори. Бу уларнинг меҳнат бозорида талабгорлиги, касбий етуклиги ҳамда илмий ва лойиҳа фаолиятидаги фаол иштироки билан тасдиқланмоқда, – деди А.Аҳмедхўжаев.

Шунингдек, у таъкидлаганидек, “Ўзатом”агентлиги филиал ҳузурида талабаларнинг фаол иштироки билан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларини тизимли равишда қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.
ММФИ МТЯУнинг бош университети вакиллари Россияда Илғор муҳандислик мактабларини ташкил этиш лойиҳасида олийгоҳ методик оператор сифатида иштирок этаётганини таъкидлади. Уларнинг айтишича, тўпланган тажриба Тошкент шаҳридаги ММФИ МТЯУ филиали фаолиятида кенг қўлланилади.
Тошкент шаҳридаги ММФИ МТЯУ филиалининг ижрочи директори Шавкат Абдукомилов мактаб фаолиятининг йўлга қўйилиши муҳандислик таълимининг амалий йўналишини янада кучайтиришини айтиб ўтди.
– Атом энергетикаси ва ядро технологиялари бўйича Илғор муҳандислик мактабининг очилиши алоҳида аҳамиятга эга. У соҳадаги амалий вазифалар билан ишлашга қодир мутахассисларни тайёрлаш тизимининг муҳим таркибий қисмига айланади. Бундай лойиҳалар Ўзбекистон ва бутун минтақанинг келажак энергетикаси учун кадрлар ҳамда интеллектуал пойдеворни шакллантиради, деб ишонаман, – деди Ш.Абдукомилов.
Маросимда талабалар илмий раҳбарлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган илк муҳандислик ишланмаларини тақдим этди. Улар орасида қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон энергетика тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган дастурий ечимлар, тақсимлаш тармоқларининг ишончлилигини оширишга доир лойиҳалар, шунингдек, саноат учун материаллар соҳасидаги ишланмаларга алоҳида эътибор қаратиш мумкин. Тақдимотдаги қатор лойиҳаларга манфаатдор идоралар ҳамда эҳтимолий буюртмачилар томонидан қизиқиш билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, Илғор муҳандислик мактабининг очилиши “Замонавий физика, энергетика ва иссиқлик техникасининг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси доирасида бўлиб ўтди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА