Асаларичилик соҳасида эришилган ютуқларни намойиш этиш, асаларичилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда маҳаллий аҳолига сифатли асал маҳсулотларини мувофиқ нархларда тақдим этиш мақсадида анъанавий “Асал байрами” ва миллий асаларичилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.
2-11 декабрь кунлари “Анҳор-Локоматив” боғи ҳудудида ўтказилаётган мазкур тадбир олтинчи маротаба ташкил этилмоқда. Тадбир “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилиоқда.
Ярмаркада мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 400 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар, шунингдек соҳанинг 1500 га яқин илғор вакиллари иштирок этмоқда. Ярмаркада асаларичиликка оид илғор технологиялар, асбоб-ускуналар, ветеринария дори воситалари намойиш этилмоқда.

Тадбирга хорижнинг бир қатор давлатлари: Россия, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиядан нуфузли меҳмонлар ҳам ташриф буюрди. Шунингдек, халқаро нуфузга эга Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) ва Халқаро ИКАРДА ташкилоти вакиллари, турли илмий-тадқиқот институтлари профессорлари ва мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.
“Асал байрами” ва миллий асаларичилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазма-ярмаркаси доирасида республика ҳудудларида етиштирилган асал ва асалари, озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил қилиниб, аҳолига сифатли асал ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. Асаларичилик соҳаси ривожланган давлатлардан малакали мутахассислар ва олимларни таклиф этган ҳолда асаларичилик бўйича илғор тажрибалар тарғиб қилинади.
Асаларичилар ўртасида тажриба алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тасдиқланган дастур асосида ўқув-амалий семинарлар ўтказилади. Шунингдек, республикада ва хорижий давлатларда асаларичилик соҳасида қўлланилаётган илғор технологиялар, ускуналар ҳамда ветеринария дори воситалари кўргазмаси ташкил этилади.

Республиканинг турли минтақалари ва қўшни давлатлардан келган “Асал байрами” ва миллий асаларичилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазма-ярмаркаси иштирокчилари учун “Анҳор-Локоматив” боғи ҳудудидан махсус павильонлар ажратилган бўлиб, у ерда нафақат маҳсулотни намойиш этиш, балки ўз маҳсулотларини кенг жамоатчилик ва пойтахт меҳмонларига сотиш имконияти яратилади.
Иштирокчилар ва уларнинг вакиллари 3-10 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган асаларичиликнинг долзарб масалалари бўйича илмий-амалий семинарларда иштирок этишлари мумкин.
Семинарлар очиқ мулоқот тарзида ташкил этилади, маърузалар ва мастер-класслар шаклида олиб борилади. Илмий ва амалий семинарларда соҳа тадбиркорлари билан бир қаторда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва бошқа идора ҳамда ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Маълумот учун айтиш жоизки, соҳада амалга оширилган самарали тадбирлар натижасида 2025 йилда асаларичилик билан шуғулланаётган субъектлар сони 35 мингтага етказилиб, 2024 йилга нисбатан 109 фоизга (2017 йилга нисбатан 19 мингтага ёки 2,3 баробарга) кўпайган. Республикамизда парвариш қилинаётган асалари оилалари сони эса 1 млн. 823 минг донага, 2024 йилга нисбатан 107 фоизга (2017 йилга нисбатан 1 млн. 149 мингтага ёки 2,7 баробарга кўп) етказилди. 2025 йилда асал етиштириш 17 минг тоннани ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 102,3 фоизга (2017 йилга нисбатан 5,2 минг тоннага ёки 1,4 баробарга кўп) етди. Маҳаллий шароитда етиштирилган она арилар сони 1 млн. 825 минг донага, 2024 йилга нисбатан 107 фоизга (2017 йилга нисбатан 1 млн. 100 мингтага ёки 2,5 баробарга кўп) етказилди.
Республикамиздан Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Арманистон давлатларига асалари пакетлари экспорти 3 млн. 260 минг АҚШ долларга етказилиб, 2024 йилга нисбатан (2 млн. 26 минг АҚШ доллар) 1 млн. 234 минг АҚШ долларга ёки 1,6 баробарга (2017 йилга нисбатан 2 млн. 341 минг АҚШ долларга ёки 3,6 баробарга кўп) ошди.
Ш.Маматуропова, ЎзА