Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда анъанавий санъат ва ҳунармандчилик мактаби ташкил этилади
12:37 / 2025-06-12

Бугун пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида Тошкент халқаро инвестиция форумининг учинчи кунги тадбирлари янада қизғин руҳда давом этмоқда.

 Мазкур нуфузли тадбир доирасида бир қатор аҳамиятли келишувларга эришилмоқда. Шулардан бири – Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова ҳамда Буюк Британия Қироллик жамғармаси ҳузуридаги Анъанавий санъат мактаби директори доктор Холид Аззам ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши бўлди. 

Ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг бой маданий меросини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва халқаро миқёсда тарғиб этишни кўзда тутади. Хусусан, мазкур ҳамкорлик натижасида Тошкент шаҳрида Анъанавий санъат ва ҳунармандчилик мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳа Ўзбекистонда анъанавий санъатни сақлаш ва уни янги авлодга етказиш борасидаги муҳим қадам сифатида баҳоланяпти. Мактаб доирасида ишлаб чиқилаётган ихтисослаштирилган академик дастур жорий йилнинг кузидаёқ илк талабаларни қабул қилади. 

Ушбу таълим маскани ёш истеъдодларга анъанавий санъатни чуқур ўрганиш, амалий кўникмаларни эгаллаш ва миллий маданиятни замонавий руҳда ривожлантириш имкониятини яратади. Бу эса Ўзбекистоннинг маданий ҳаётида муҳим янгилик бўлиб, уни халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА