Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарув қисмида пиротехника буюмларини йўқ қилиш бўйича кенг кўламли тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида божхона органлари, ички ишлар идоралари ҳамда Миллий гвардия томонидан аниқланган қонунбузарлик ҳолатларида олиб қўйилган 945 минг дона пиротехника воситалари махсус тартибда — аввал сувда бўктирилиб, кейин эса яроқсиз ҳолатга келтирилган ҳолда махсус хандаққа кўмиб йўқ қилинди.

Маълумки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, фойдаланиш ёки мамлакат ҳудудига олиб кириш амалдаги қонунчиликка кўра маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Айниқса, Янги йил байрами арафасида бундай қонунбузарликлар кескин ортиб, аҳоли хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 23 декабрига қадар божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 136 та ҳолатда умумий қиймати 2,3 млрд. сўмлик 7 млн. 350 минг донадан ортиқ пиротехника буюмлари ушлаб қолинган. Ушбу ҳолатлар бўйича 12 та жиноят иши қўзғатилиб, 89 та маъмурий иш юритилган.

Бугунги тадбирда асосан “Новий век”, “Зимний лес”, «Снежинки», “С новым годом”, “Ҳаппй Боом”, “Севен Шотс”, “Королевский салют” каби салют ва петардалар йўқ қилинди. Уларнинг умумий қиймати 500 млн. сўмга яқинни ташкил этади.
Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан аниқланган 120 млн. сўмлик 562 минг дона пиротехника воситалари суд қарорига мувофиқ йўқ қилинди.

Шунингдек, 2024 йил 17 декабрь куни «Янгиҳаёт» блок-постида қўлга олинган қонунбузарга нисбатан суд ҳукми чиқарилиб, унга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Маълумот учун, бугун йўқ қилинган пиротехника воситаларининг 700 мингга яқини божхона, 240 мингдан зиёди ички ишлар, 5,6 мингдан ортиғи Миллий гвардия томонидан олиб қўйилган.

Тадбир якунида ўтказилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Ш.Маматуропова, ЎзА