Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда 48 соатлик молиявий интеллектуал марафон бошланди
13:59 / 2025-11-15

Пойтахтимизда 15–16 ноябрь кунлари Марказий банк ва Boston Consulting Group (BCG) ҳамкорлигида “CBU Coding Challenge 2025” танлови старт олди.

Бир қарашда оддий IT-мусобақасига ўхшаш бу тадбир аслида мамлакат молия тизимининг келажагини белгилаб берувчи алгоритмларни амалда синовдан ўтказишни мақсад қилган.

Танлов доирасида иштирокчилар 48 соат давомида қарз олувчининг дефолт эҳтимолини аниқловчи янги моделларни ишлаб чиқиш вазифасини бажаради. Бу жараён одатда “ёпиқ” ҳисобланган скоринг тизимига ёш дастурчиларнинг илк марта очиқ код орқали кириб бориши, уни таҳлил қилиши ва ўз ечимларини таклиф этиши билан аҳамиятли.

Мазкур жараён нафақат техник муаммони ҳал этишга, балки инсоннинг молиявий хатти-ҳаракати, қарзни қайтариш қобилияти ва таваккал даражасини тушунишга ҳам йўналтирилган.

Танловга қисқа вақт ичида 629 та ариза келиб тушган бўлиб, саралаш босқичидан кейин 154 нафар иштирокчи танланди. Улар 40 та жамоага бирлаштирилиб, скоринг моделларини яратиш бўйича ўз иқтидорларини намойиш қилмоқда.

Дастлабки кун жамоалар вазифа ва техник талаблар билан танишди. BCG ҳамда IT Park мутахассисларидан маслаҳатлар олди. Иккинчи кунда эса асосий босқич — маълумотлардан ягона dataset тайёрлаш, уларни тозалаш, таҳлил қилиш ва дефолт эҳтимолини башоратловчи моделни қуриш ишлари бошланади.

Скоринг моделини яратиш фақат дастур ёзиш эмас. Бу — инсон омилини математик ифодаларга айлантириш, молиявий хатарларни тўғри баҳолаш, банк тизимида қабул қилинадиган минглаб қарорлар учун замин яратиш демакдир.

Танлов ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланади. Бироқ энг асосий имконият — Марказий банкда амалиёт ўташ ва келгуси фаолият учун мутахассис сифатида танланиш. Шу жиҳатдан, танлов ёшлар ва молия сектори ўртасидаги муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

“CBU Coding Challenge 2025” финтех экотизимини ривожлантиришга қаратилган муҳим чора-тадбир бўлиб, data science соҳасида янги кадрлар тайёрлаш, кредит хатарларини баҳолашда замонавий ёндашувларни жорий этиш, давлат, хусусий сектор ва ОТМлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ёшларга амалиёт ва тажриба бериш каби стратегик вазифаларни бажаради.

48 соатлик мазкур интеллектуал марафон – инновациялар майдони, янги ғоялар учун очиқ лаборатория ва молия секторидаги янги авлод мутахассислари учун катта имкониятлар эшиги.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА