Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда 36 та дала дўкон муаммоси қачон ечим топади? (+Видео)
11:40 / 2022-09-14

Пойтахтимиздаги кўп қавтатли уйлар атрофида арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдосини йўлга қўйиш мақсадида 2006 йил Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан “Баракали замин” МЧЖ орқали кўп қаватли уйлар атрофида дала дўкон қуришга рухсат берилган.

“Баракали замин” МЧЖ дўконларни қуриб бериши қарорда белгиланган эди. МЧЖ эса дала дўконларни қуришни тадбиркорларнинг зиммасига юклайди. Ушбу шартга рози бўлган тадбиркорлар дала дўконни ўзлари қуриб фаолиятларини бошлаган. Орадан беш йил ўтиб “Баракали замин” МЧЖ фаолияти тугатилиб, баъзи раҳбарларига жиноий иш очилади.

Натижада эса дала дўконга эгалик ҳуқуқини олишга улгурмаган 36 нафар тадбиркор ҳеч қандай ҳужжатсиз аросатда қолиб кетади.
15 йил мобайнида барча тўловларни тўлаб фаолият юритган тадбиркорлар 2020 йилга келиб эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш учун ҳаракатни бошлайди.

Тадбиркор Ботир Бобоназаровнинг айтишича, 2020 йил 16 - март куни суд орқали дўкон учун эгалик ҳуқуқини қўлга киритган. Орадан 6 ой ўтиб “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Яшнобод туман бўлими дала дўконларни “Баракали замин” МЧЖ қурган деган важ билан кассация берган.

“Баракали замин” МЧЖ масъуллари “дала дўконни ўзларинг ҳисобларингдан қуриб туринглар, беш йил мобайнида биз айтган маҳсулотларни биз таклиф қилган нархда сотиб турсанглар 5 йилдан сўнг дўконга эгалик ҳуқуқини берамиз” дейишган эди. Улар айтган ишларни ортиғи билан бажардик, ҳаттоки, чириб кетган картошка пиёзларни зиёнига бўлса ҳам сотиб бердик”, – деди тадбиркор Ботир Бобоназаров. – Аммо ваъдаларини бажаришмади. Бу вақтга келиб эса, “Баракали замин” МЧЖ фаолиятини олиб бора олмаганлиги боис ликвидация бўлиб, раҳбарларининг кўпчилиги қамалиб кетди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори маҳаллалардаги кўпгина хусусийлашмаган бино ва иншоотлар вақтинчага оператив бошқарув ҳуқуқи билан “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ўтказиб берилди.

Шундан буён уч томонлама шартнома асосида ўзимиз қурган дўконга ўзимиз ижарада турибмиз.”
Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 2006 йил чиқарган 79-сонли қарорига асосан иш бошлаган 36 нафар тадбиркор бугун судлар эшиги олдида вақт ўтказмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан тадбиркорларга кафолат сифатида бириктирилган “Баракали замин” МЧЖ эса аллақачон тугатилиб кетган.

2006 йил чиқарган 79-сонли қарорига асосан ва Баракали замин” МЧЖнинг ваъдалари бўйича Яшнобод туманида иш бошлаган 36 нафар тадбиркор ўзлари қурган дала дўконларини хусусийлаштира олмаяпти.

Сабаби, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар ҳокимининг 2012 йилдаги 424-сон қарори қарорини рўкач қилмоқда.
Мазкур қарорда “1-иловага мувофиқ маҳаллалардаги бўш ҳамда хусусийлашмаган бино ва иншоотлар “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлимларига оператив бошқарув ҳуқуқи билан топширилсин” дейилган. Ваҳоланки, 1-иловада бугун сарсон бўлиб юрган Яшнобод туманидаги 36 нафар тадбиркор дўконлари киритилмаган.

Қисқаси, 36 нафар тадбиркор қарорларни инкор этувчи қарорлар ва ёлғон ваъдалар ортидан жабр чекишга мажбур бўлишмоқда.

<iframe width="1920" height="912" src="https://www.youtube.com/embed/PFSk6JG_V-Q" title="Тошкентда 36 та дала дўкон муаммоси қачон ечим топади?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

М.Эшмирзаева, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА