Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказида 20 январь фожиасига 33 йил тўлиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Озарбайжон элчихонаси, Маданият маркази вакиллари, «Ўзбекистон-Озарбайжон» дўстлик жамияти аъзолари, мамлакатимиз илм, маданият ва санъат намояндалари, маҳаллий озарбайжонлар, иштирокида дастлаб марказ ҳовлисидаги умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев бюсти ва “Шаҳидлар боғи”даги обида-мажмуани зиёрат этиб, ёдгорлик пойига гул қўйишди.
Анжуман доирасида марказ биносига кираверишда 20 январь фожиаси акс этган стенд, китоб ва расмлардан иборат кўргазма намойиш этилди. Шундан сўнг Озарбайжон озодлиги ва суверенитети учун ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов 20 январь фожиаси истиқлол йўлидаги оғир синов бўлгани, халқ қаҳрамонлигини бутун дунёга намойиш этганини таъкидлади. Она юрт дахлсизлиги, Озарбайжон суверенитети учун курашган эл ўтмишнинг ҳақиқий қаҳрамонона саҳифасини ёзганига урғу қаратди. Унинг таъкидлашича, тарихнинг шонли саҳифаси ва ғурур куни сифатида қабул қилинган 20 январь ҳодисалари ватандошлар, юртдошларни жипслаштириб, курашувчанлик ҳиссини янада орттиргани қайд этилди.
Ўша кунлари Озарбайжон ахборот босими остида қолган, халқ овозига куч берган буюк раҳбар Ҳайдар Алиев собиқ совет раҳбариятига кескин эътироз билдирган.
«Ўзбекистон-Озарбайжон» дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддиновнинг қайд этишича, совет армияси бўлинмалари ўша кеча Боку шаҳрига огоҳлантиришсиз кириб келган ва тинч аҳолига қарата жанговар машина, танк, пулемёт, автомат ва бошқа қуроллардан ўқ узган. Натижада бегуноҳ инсонлар қурбон бўлган.
Халқнинг мардонавор кураши, юртга, Ватанга садоқати ҳақида гапирар экан, шаҳидлар қони эвазига Озарбайжон бугун минтақа ва дунёда ўзига хос обрў-эътибор қозонган давлатга айлангани урғуланди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси котиби Буғра Доған 20 январь воқеалари пайти Бокуда содир этилган зўравонликни қоралади ва бундай қонли воқеалар такрорланмаслигини тилади.
Озарбайжон-Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлари уюшмаси раҳбари Руслан Имонзода Бокуда уюштирилган қирғин ташкилотчилари ва ижрочилари халқ қаршилигини синдира олмаганини таъкидлади.
Йиғилганлар эътиборига 20 январь ҳодисалари акс этган видеоматериал ҳавола этилди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА