Жорий йилнинг 7 ойида Тошкентда 185 та коррупциявий ва мансабдорлик жиноятлари содир этилган. 217 нафар мансабдор шахс бошқа тоифадаги коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Бу жиноятлар ичида фирибгарлик, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, мол-мулкни талон-торож қилиш, пора бериш ва олиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги кабилар бор.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши фаолиятини муҳокама қилишга бағишланган қўшма мажлисида шу ҳақда гап борди.
Мажлис иштирокчилари бундай коррупциявий ҳолатларга маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа давлат органларида ички назоратни етарли даражада амалга оширилмаётганлиги ва ҳудудий давлат идоралари ва ташкилотларда юридик хизмат фаолиятининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги сабаб бўлганини таъкидлади.
Соҳага инсон омили аралашувини камайтирувчи замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилиши коррупциявий хавф-хатарларни камайтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ва ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг бу борада амалга оширган ишлари ҳақидаги ахборотлари эшитилди.
2024 йилнинг 7 ойи давомида Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган 180 дан ортиқ учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилган.
Шунингдек, мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда «Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби», «Очиқ эшиклар», «Ҳокимлик тизими коррупциядан ҳоли», «Тиббиёт соҳаси коррупциядан ҳоли» мавзуларида турли тадбирлар ташкил этилиб, доимий тарзда ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муайян камчиликларга йўл қўйилган. Хусусан, коррупция даражасини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, ҳудудлар ичида паст кўрсаткичлар айнан Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашида қайд этилган. Очиқлик индекси, коррупциянинг тарқалганлик даражаси ҳамда коррупцияни ҳис қилиш даражаси кўрсаткичлари бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлигига эътибори қаратилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан қонунчиликка зид бўлган ҳолатлар ҳудуддаги ҳар бир кенгаш аъзосидан ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли бажариш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш ва уларга чек қўйиш, шунингдек, уларнинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан самарали фаолият кўрсатиш муҳим эканлиги таъкидланди.
Мажлис якунида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини яхшилаш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш юзасидан Сенат қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА