English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент зилзиласидан сўнг топилган қадимги Бинкат: шаҳар сополлари «энг чиройли» деб таърифланган (+видео)
16:11 / 2024-04-08

Бир экспонат тарихи

Пойтахтимиздаги Тошкент тарихи музейида шаҳарнинг тарихига оид кўплаб ашё ва буюмлар намойишга қўйилган. Ана шундай экспозициялардан бири IX-XI асрларга тегишли қадимги Бинкат шаҳридан топилган ранг-баранг ва кўркам сопол буюмлардир.    

Бинкат сополлари ёрқин рангларга бўялгани ва бежиримлиги билан ўзига хос ва ноёб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, араб-форс географлари ўз асарларида Бинкат сопол буюмларини энг гўзал, энг чиройли, деб таърифлаган.  

Қадимги Бинкат шаҳрининг ўрганилиши ва сопол буюмлари ҳақида Тошкент тарихи музейи ходими Мунира Насриддинова батафсил сўзлаб берди:  

– Тошкентнинг ривожланган ўрта асрлар билан боғлиқ бўлган қадимий шаҳри Бинкат шаҳри ҳисобланади. Бинкат ҳозирги Хадра майдонидан Эски Жўвагача бўлган ҳудудда жойлашган. Бинкат шаҳри ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар ёзиб қолдирилган. Ушбу шаҳар Тошкентнинг IX-XI асрларда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, заргарлик, тўқувчилик ривожланган марказий шаҳри бўлган.    

Биламизки, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласида кўплаб бинолар вайрон бўлган. Вайроналарни тозалаш ва янги иншоотларни қуришни бошлаш давомида Тошкент тарихига оид кўплаб археологик топилмалар чиқа бошлаган. Шундан сўнг археолог Яхё Ғуломов бошчилигида археологик экспедиция ташкил этилиб, Бинкат шаҳри устида иш олиб боришган ва кўплаб ашёлар, уй-рўзғор буюмлари топилган. Айниқса, Бинкатдан топилган сопол буюмлар рангларининг ёрқинлиги, жим-жимадор ва бежиримлиги билан кўзга ташланади. Ҳатто араб-форс географлари ўз асарларида «Бинкат сопол буюмлари энг гўзал, энг чиройли», деб келтирган.    

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tRDEeu4gKIA" title="Toshkent zilzilasidan so‘ng topilgan qadimgi Binkat: shahar sopollari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Бинкат кулолчилик буюмларининг дастлабкиларида афсонавий қушлар ва ўсимликларнинг кўплигини кўриш мумкин. X-XI асрларга келиб эса буюмларда араб хатида ёзилган сўзлар кўп учрайди. Масалан, музейимиздаги лаганларда афоризмлар ёзилган. Мисол учун, «Ким кўп гапирса, кўп адашади», "Кимки Аллоҳнинг мукофотига ишонса, у ҳадя беришда сахий бўлади" деган ҳадислар, фалсафий ибораларни ўқиш мумкин. Умуман, бу даврга келиб, инсонни одоб-ахлоққа чорлайдиган иборалар, ҳадислардан олинган намуналарни идишларга ёзиш анъанаси ривожланган.    

PS: Лавҳанинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг Youtube канали орқали кўришингиз мумкин.    

Муҳтарама Комилова, Аброр Содиқов,

Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА