Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тошкент ёшларни севади” шиори остида ёшлар ойлиги ўтказилади
09:12 / 2021-11-10

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, агентлик масъуллари, ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, анъанага мувофиқ ёшлар ойлиги 15 ноябрдан 15 декабрга қадар бўлиб ўтади.

Ойлик давомида ёшлар билан 6 йўналиш, жумладан, «Ёшлар спорт фестивали», «Интеллектуал лойиҳалар фестивали», «Ёшлар маданият ва санъати фестивали», «Анъанавийлик ва замонавийлик» ёшлар мода ва дизайн кўргазмалари, «Тажриба ва маҳорат» ҳамда «Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали» лойиҳалари ўтказилади.

Анжуманда Ж.Ортиқхўжаев дастлаб "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"нинг ўтган тўққиз ойи мобайнида пойтахтда амалга оширилган ишларга тўхталди.

Қайд этилишича, ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, улар ташаббусларининг қўллаб-қувватланаётганлиги мамлакатимизда ёшларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлигининг амалий тасдиғидир.

Хусусан, 30 июнь - Ёшлар куни сифатида кенг нишонланди, шаҳар марказида барпо этилган Беш ташаббус шаҳарчасида ёшлар форуми, “Ботаника” боғида  “Ўзбекистон талаба ва ёшлари” форуми уюштирилди.

Яқинда яна бир лойиҳага старт  берилади. “Тошкент ёшларни севади” шиори остида ёшлар ойлигини ўтказиш мўлжалланмоқда. Бундан мақсад, йигит-қизларда юртимизда кечаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ёш авлоднинг илм-фан, ижод, маданият ва санъат, спортга бўлган қизиқишини ошириш, талаба ва битирувчилар, уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишдан иборат.

– Францияда сервис хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган дунёнинг энг катта олийгоҳларидан бири — ‘Le Cordon Bleu’ университети бор, –деди Ж.Ортиқхўжаев. – Жаҳондаги катта-катта ресторан ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг бошқарувчилари фақат мана шу ердан чиққан. Ана ўша ерга Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан ёшлар ойлигида энг фаол қатнашган 10 нафар ёшни ўқишга жўнатамиз. 100 фоизлик гранд асосида уларнинг бориб-келиши, яшаши, ўқиши, ҳаммасини шаҳар ҳокимлиги ўз бўйнига олади. Шунингдек, у ерда 6 ойлик, 9 ойлик курсларни тамомлаб, тажриба алмашиб келганларидан сўнг мамлакатимизга қайтиб, ўз бизнесларини бошлашига шароит, кредит ажратиб берамиз ва улар шаҳардаги энг яхши хизмат кўрсатувчи 10 та тадбиркорлик марказига айланади.

Матбуот анжуманида шаҳар ҳокими журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Шунингдек, тадбирда олий ўқув юртларидан ташриф буюрган иқтидорли йигит-қизларнинг таклифлари эшитилиб, қўллаб-қувватланди.

Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабасининг иқтидорли ёшлар кўргазмасини ташкил этиш, Тошкент давлат юридик университети талабасининг ёшларнинг ZOOM дастури орқали ўтказиладиган халқаро семинарда иштирок этиши тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА