Пойтахтимизда жойлашган “Алпомиш” муз саройида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Тошкент ёшларни севади” ойлиги сарҳисобига бағишланган гала-концерт бўлиб ўтди.
Концертда дастлаб ойлик доирасида ўтказилган тадбирлар, форумлар, кўрик-танлов ва мусобақалар, уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши жараёнлари акс этган видеоролик намойиш этилди. Мазкур ойликнинг мақсади ва амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

“Орзу” болалар ижодиёти кўрик-танловининг адабиёт, вокал, классика, рақс, чолғу, тасвирий ва амалий санъат йўналиши ғолибларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида фаолият олиб борувчи йилнинг энг фаол ёшлар етакчилари ташаккурнома, хорижга саёҳат, дам олиш масканларига йўлланма каби совғалар билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокидаги гала-концерт намойиш этилди.


Гулноза Бобоева, ЎзА